Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев пропорционал сайлов тизими бўйича партиялар рўйхатида кўрсатилган амалдаги вазирлар тақдири нима кечиши ҳақидаги саволга жавоб берди. У бу ҳақда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларнинг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжуманида гапирди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.
Матбуот анжуманида «Ўзбекистон овози» газетаси журналисти Тоштемир Худойқулов амалдаги вазирлар рўйхатнинг юқори қисмида турганини эслатиб, улар депутат бўлишни рад этиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида савол берди.
«Қонунчилигимизда шундай тартиб-тамойил бор: вазир ёки бошқа тегишли давлат идораси раҳбари, ёки лавозими депутатлик лавозими билан қўшиб олиб боришга тўғри келмайдиган ҳолатларда ўша номзод 5 кун муддат ичида Марказий сайлов комиссиясига ёки депутатликда қолиш, ёки ўша лавозимдан ишдан кетиши ҳақида ариза бериши керак», — деди Марказий сайлов комиссияси раиси.
Эслатиб ўтамиз, сайлов кодексининг 74−2-моддасига кўра, агар номзод депутат бўлишдан воз кечса Марказий сайлов комиссияси тегишли партия рўйхатидаги тартиб рақами бўйича мандат олмаган кейинги номзодга хабарнома юборади.
МСК раисининг таъкидлашича, ариза орқали номзод ё депутатлик мандатини олишга ёки буни рад этиб, вазир, бошқа давлат идораси раҳбари сифатида қолишга ҳақли.
«Бу ўзининг иҳтиёрига боғлиқ. Агар у вазир ёки бошқа давлат идорасида раҳбари сифатидаги лавомида қолишни истаса, депутатлик мандати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатдаги ундан кейинги номзодга берилади», — деди Зайниддин Низамходжаев.
27 октябрь куни бўлиб ўтган депутатлик сайловларининг дастлабки натижаларига кўра, ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон либерал демократик партияси 26 та, «Миллий тикланиш» демократик партияси 14 та, Экологик партия 10 та, Халқ демократик партияси 13 та ва «Адолат» социал-демократик партияси 12 та ўрин олди.
Бундан келиб чиқадики, амалда ҳукумат таркибида бўлган ва партиялар рўйхатида кўрсатилган қуйидаги номзодлар ўз иҳтиёри билан депутатлик мандатини рад этиши мумкин бўлади:
- Жамшид Ходжаев — бош вазир ўринбосари — ЎзЛиДеП (2-ўрин)
- Хилола Умарова — мактабгача ва мактаб таълими вазири — ЎзЛиДеП (3-ўрин)
- Раҳим Ҳакимов — президентнинг ижтимоий-сиёсий масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари — ЎзЛиДеП (4-ўрин)
- Даврон Ваҳобов — Савдо-саноат палатаси раиси — ЎзЛиДеП (6-ўрин)
- Алишер Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори — ЎзЛиДеП (7-ўрин)
- Азиз Абдухакимов — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири — Экологик партия (4-ўрин)
- Акбар Ташкулов — адлия вазири — «Адолат» (4-ўрин)
- Акмал Бурханов — Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси директори — «Адолат» (6-ўрин)
- Қаҳрамон Қуронбоев — Маҳаллалар уюшмаси раиси — «Миллий тикланиш» (4-ўрин)
- Озодбек Назарбеков — маданият вазири — «Миллий тикланиш» (6-ўрин)
- Зулайхо Махкамова — Бош вазир ўринбосари — ХДП (3-ўрин)
- Шерзод Шерматов — рақамли технологиялар вазири — ХДП (4-ўрин).
Мажоритар тизим (номзодга овоз бериш) натижаларини ҳам ҳисоблаганда, ЎзЛиДеП 150 депутатлик ўрнининг 64 таси ёки 42,7 фоизини қўлга киритди, «Миллий тикланиш» — 29 (19,3 фоиз), «Адолат» — 21 (14 фоиз), ХДП — 20 (13 фоиз) ва Экопартия — 16 (10,7 фоиз).