Хорижий фуқароларга улар ҳақидаги барча долзарб маълумотларни текшириш имконини берадиган электрон гувоҳномалар 2025 йилдан бошлаб Москвада берила бошлайди. Бу ҳақда пойтахт мэри Сергей Собянин ТАСС нашрига маълум қилди.

«Мигрантлар учун келгуси йилдан эксперимент доирасида, федерал қонун асосида электрон паспорт киритамиз. Хорижий фуқаронинг электрон гувоҳномасига барча маълумотлар юклаб олинади: қачон келган, қандай биометрик маълумотлар, қаерда ишлайди, қаерда рўйхатдан ўтган ва ҳоказо. Шунга кўра, полиция рейдлар ўтказаётганда ушбу маълумотларни текшириш мумкин бўлган тегишли қурилмага эга бўлади», — деди Собянин.

Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда мигрантларнинг айнан электрон гувоҳномаси текширилади. Агар ҳужжатда нимадир нотўғри бўлса, масалан, қидирувда бўлиб чиқса, яшаш муддати ўтказиб юборилган ёки миграция қоидаларини бузган бўлса, полициячи тегишли чоралар кўради.

Унинг қўшимча қилишича, келгуси йилдан эксперимент доирасида Москва авиация узелида Россияга кириш визаси талаб қилинмайдиган хорижликлар учун ҳам биометрик назорат жорий этилади. Визасиз мамлакатлардан келган фуқаролар Москвага келгач, биометрик назоратдан ўтказилади — суратга олиш, бармоқ излари.

Бунинг учун бундай тажрибани ўтказиш мумкинлиги тўғрисида федерал қонун қабул қилинди. Ҳозирда президент топшириғи билан ҳукуматда тегишли қарор кўриб чиқилмоқда, у бизга Федерал хавфсизлик хизмати, чегара хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқалар билан биргаликда ушбу тажрибани ўтказиш ваколатини беради, — дея аниқлик киритди у.

Шаҳар мэри, шунингдек, Россияга келадиган барча шахсларнинг биометрик маълумотлар базасининг мавжудлиги жиноятларни очишнинг янги босқичига чиқишга имкон беради, деб ҳисоблайди.