Маданият вазири Озодбек Назарбеков 27 октябрь куни Юнусобод туманидаги 531-сайлов участкасида парламент сайловида овоз берди. «Миллий тикланиш» партиясидан парламент депутатлигига номзоди кўрсатилган вазир овоз бериб бўлгач, журналистлар саволларига жавоб қайтарди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.

— Озодбек ака, нега парламент депутатлигига номзодингизни қўйишга қарор қилдингиз?

— Ҳаммамизга маълумки, бугун халқимизнинг ҳуқуқий-сиёсий онги ривожланиши билан бирга, Ўзбекистонда қонунлар ҳам кундан-кунга мустаҳкамланиб боряпти. Бундай жараёнларда ҳар бир соҳа вакилидан ўз соҳасини нафақат ўша тизимнинг мазмун-моҳиятидан, балки сиёсий жиҳатдан ҳам [билиш талаб этилмоқда]. Ҳар бир соҳа вакили қонунчилик палатасида [депутат сифатида] ўтириши, халқ номидан нормаларнинг қабул қилинишида фаоллик кўрсатиб, ўз соҳасини юридик жиҳатдан мустаҳкам бўлишига ҳисса қўшиши зарур. Хуллас, бугунги замон талабидан келиб чиқиб, қатор қонуний ечимлар қабул қилиш жараёнида маданият соҳаси вакиллари ҳам иштирок этиши шарт.

— Агар депутатлик мақомига эришсангиз, биринчи навбатда қайси масалаларга ечим топишга ҳаракат қиласиз?

— Ҳозирги кунда маданият соҳаси айнан бир қонунда қатъий белгиланмаган. Ҳар сафар кичкинагина тадбир ўтказиш учун ҳам фармойиш ёки қандайдир ҳужжатлар қабул қилишга тўғри келади. Майда масалалар ҳам қонунда назарда тутилсагина, ўша қонун тўла-тўкис бир соҳага ечим бера олади, деб ўйлайман. Бугун маданият соҳасидаги қонунчиликда бир қанча камчиликлар борлиги учун ҳам ҳар гал фармойишлар чиқариб, ўз фаолиятимизга юридик жиҳатдан баҳо беряпмиз.

Фаолиятимизни қонунларда акс этишининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу соҳани эркин бўлишини таъминлаб беради. Яъни соҳа эгаларини камайтиради, хоҳлаган ташкилот истаган куни фармойиш чиқариб, маданият вазирлигини ўз стратегиясидан юлиб олиб, бошқа масалаларга жалб қила олмайди. Шу сабабли қонунчиликда ҳар бир майда деталларигача инобатга олиниши керак ва шунга етиб келишимиз учун ҳам маданият соҳаси вакиллари қонунчилик палатасида фаол бўлишлари шарт.

интервью, озодбек назарбеков, сайлов-2024

— Сизнинг тасаввурингизда парламент ва депутатлар қандай бўлиши керак?

— Назаримда, депутатлар энг фидойи, энг жонкуяр, жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ тура олмайдиган одамлар бўлади. Бугун депутатларимиз ҳам қайсидир маънода ўсиб боряпти, кундан-кунга шаклланяпти. Уларнинг бугунги обрўси, мавқеи, ҳаммаси салоҳиятидан келиб чиқяпти. Салоҳиятида сиёсий тафаккур бирмунча оқсоқ бўлиши мумкин, сиёсий тафаккур теран бўлмаслиги мумкин. Лекин депутатда айнан сиёсий тафаккур юқори бўлиши шарт, деб ўйлайман.

— Бу йил парламент депутатлигига 7 нафар вазирнинг ҳам номзоди қўйилди. Бу ҳукуматнинг истеъфога чиқиши билан боғлиқми?

— Хабарларингиз бор куни кеча «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги конституциявий қонун қабул қилинди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг ижро органи сифатида парламент олдида жавобгарлиги белгилаб қўйилди. Бугун Ўзбекистонда парламент мавқеини кўтаришга бир қанча эҳтиёж бор. Чунки ҳозир биздаги фаолият нуқтаи назаридан олиб қарасак, қаердадир Вазирлар Маҳкамасининг овози баландроқлигини ҳам кўриш мумкин. Лекин бу айнан демократик тамойилларга сал зидроқ кўриниш, деган фикрдаман.

Шунинг учун ҳам барча катта-катта масалаларни, юртимиздаги ҳамма жараёнларни назорат қилувчи орган сифатида парламент мавқеини жамият олдида юксалтириш зарур, тўғри ечим мана шу ўзи. Негаки, парламент бу — халқ демакдир. Бугун халқ талабига кўра қонунлар ишлаб чиқиш, халқ истагига кўра, ечимлар жорий қилиш бу демократик тамойилларнинг энг юксак кўриниши [ҳисобланади].