Ўзбекистонда сайловларда онлайн овоз бериш хавфсиз мосламалар ишлаб чиқилгандан кейин жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев маълум қилди.

«Масофадан туриб овоз бериш масаласига келсак, бу ҳам сайлов органлари орасида турган муҳим масалалардан бири. Лекин бугунги кунгача биз дунё амалиётини ўрганган ҳолда аниқ бир нарсани айта оламизки, мана шундай овоз беришнинг кафолатланган муҳофазаси, шахсий маълумотларни очиқламасдан овоз беришни ташкил қилиш дастурлари етарли даражада ишлаб чиқилмаган», — деди раис.

«Аминманки, технология ривожланиб боряпти, мана шундай мосламалар таклиф этилса, ундай мосламалардан фойдаланиш тажрибаси ҳамкасбларимиз, дунё сайлов органларидан қандайдир умумэътироф этилган мосламалар юзага келса, албатта, биз ҳам унинг кейинги сайлов жараёнларда қўллаш режамиз ҳам йўқ эмас» — дея қўшимча қилди Низамходжаев.

Шунингдек, МСК раиси Тошкентнинг 10 та сайлов участкасида синовдан ўтган электрон овоз бериш қурилмалари сайлов комиссиясининг ишини осонлаштиргани ҳақида сўзлади.

«Илк бор биз амалиётда синов тариқасида Тошкентдаги 10 та сайлов участкасида мана шу электрон овоз бериш қурилмаларидан фойдаландик. Унинг ижобий ва салбий томонларини ўрганамиз. Ҳозирги вақтда айтиш мумкинки, бундай электрон овоз бериш мосламалари сайлов участкалари ва сайлов комиссиясининг ишини осонлаштиради», — деди Зайниддин Низамходжаев.

«Энг асосийси сайловчиларимизга бир сайловчи бир овоз бериш ҳуқуқини кафолатлайди. Бундай қурилмаларни қонунчилигимизга киритиб, кейин амалиётга киритиш керак. Мана шу жараёнларни ўрганиш давом этади. Бошқа мосламалар, бошқа компанияларнинг таклифларини ҳам ўрганиб чиқамиз», — деди МСК раиси.