Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган метан газ тўлдириш шоҳобчаси аниқланди, деб хабар берди «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати.

Ташкилотнинг ҳудудий бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилган. Унда Ангрен шаҳрида жойлашган «А.C.И.» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу орқали электр таъминоти корхонасига 1 миллиард 111 миллион сўмлик зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.