Тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 1 декабрга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан 2024/2025-ўқув йилида олий таълим муассасаларининг қуйидаги бакалавриат ҳамда магистратура талабалари учун тўловларни амалга ошириш ва талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг муддати 2024 йил 1 декабрга қадар (шу куни ҳам) узайтирилди.
Вазирлик хабарига кўра, бу қуйидаги тоифага кирувчилар учун амал қилади:
- базавий ёки табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар (1-босқич),
- қорақалпоғистонлик ёшлар учун ажратилган қўшимча қабул квоталарига (ПФ-213-сонли фармонга асосан) талабаликка тавсия этилган абитуриентлар (1-босқич)
- ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) талабалар.
Бунда қабул параметри доирасида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар базавий тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қийматининг камида 25 фоизи миқдорида (аввал 25 фоиз тўловни 15 сентябргача тўлаш зарурати белгиланганди), табақалаштирилган тўлов-контракт (супер) асосида ўқиш истагини билдирганлар, улар учун белгиланган бир йиллик ўқитиш қийматининг камида 50 фоизи миқдоридаги тўловларни амалга ошириши лозим.
Келтирилишича амалдаги тартибга кўра, иккинчи ва ундан юқори босқич талабалар контрактини тўлаш муддати ОТМ раҳбари томонидан узайтирилиши мумкин.