«Туркмангаз» ва «Газпром» Туркманистон газини етказиб бериш бўйича шартномани узайтирмади, чунки томонлар нарх масаласида келиша олмади. Бу ҳақда 25 октябрь куни «Туркмангаз» раиси Мақсад Бабаев маълум қилди.

«2024 йил 30 июнь шартномада ушбу давр учун нархларни қайта кўриб чиқиш назарда тутилган эди: агар томонлар нарх бўйича келишса, муддатни узайтириш мумкин эди. Биз музокаралар олиб бордик ва савдо-сотиқ масаласида умумий бир фикрга келолмадик», — дейди у.

«Шунинг учун шартнома шартларига кўра, айнан шу даврда нарх қайта кўриб чиқилиши керак эди ва агар томонлар келиша олмаса, 30 июнда шартнома бекор қилиниши керак бўлган», — дея тушунтириш берди Бабаев.

Унинг қўшимча қилишича, «Туркмангаз» учун етказиб беришни бошлаш, қайта тиклаш ёки тўхтатишнинг асосий шарти тижорат қисми ҳисобланади. «Олди-сотди шартномалари айнан фойда, ўзаро манфаатли ҳамкорлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда бизда турли томондан — шимолий, ғарбий, шарқий томондан талаб ортиб бормоқда. Шунинг учун, айтиш мумкинки, биз ҳар куни турли харидорлар ва мамлакатлар билан музокаралар олиб борамиз», — дея қўшимча қилди у Россияга етказиб беришни қайта тиклаш имконияти ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

«Газпром» гуруҳи 2019 йилда «Туркмангаз» давлат корхонасидан беш йил муддатга — 2024 йил 30 июнгача табиий газ сотиб олиш бўйича шартнома тузганди. Унга кўра, Туркманистондан «Газпром»га газ етказиб бериш ҳажми йилига 5,5 миллиард куб метрни ташкил этган.

«Туркмангаз» давлат концерни раиси ўринбосари Мурат Арчаев аввалроқ «Газпром» билан тузилган шартнома доирасида 2023 йилга 5 млрд куб метр газ етказиб бериш режалаштирилганини маълум қилган. Россиянинг Ашхободдаги элчиси Иван Волинкиннинг журналистларга таъкидлашича, Туркманистон 2023 йилда Россияга газ етказиб бериш бўйича шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарган. 2022 йилда ушбу шартнома доирасида «Туркмангаз» Россияга 5 миллиард куб метр, 2021 йилда эса 10 миллиард куб метр газ етказиб берган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон Туркманистон билан биринчи марта 1,5 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри, учинчи томоннинг иштирокисиз («Газпром») қисқа муддатли шартнома тузганди. 2023 йил август ойида Ўзбекистон Туркманистон билан йилига 2 миллиард куб метргача туркман газини етказиб бериш бўйича яна шартнома имзолаган. Томонлар, шунингдек, узоқ муддатли шартнома ишлаб чиқмоқда — узоқроқ муддатга ва етказиб беришни кўпайтирган ҳолда. Бу ҳақда аввалроқ Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилганди.

2023 йил 7 октябрдан бошлаб Ўзбекистон куз-қиш мавсумида республикада мовий ёнилғи тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлади. Газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилган бўлиб, харидлар ҳажми суткасига 9 миллион куб метрни — йилига қарийб 2,8 миллиард куб метрни ташкил этади.

Ноябрь ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов нега газ захиралари катта бўлган қўшни Туркманистон ёнида бўлса ҳам, мамлакат нисбатан узоқ Россиядан газ сотиб олишини тушунтиришга ҳаракат қилганди.