Якшанба куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган депутатлар сайловида овоз бериш жараёнини ташкил этиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини мониторинг қилиш натижасида айрим камчиликлар ҳам аниқланди, деди душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев.

Айрим сайлов участкаларидаги овоз бериш хоналарида сайлов жиҳозларини Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган талаблар асосида жойлаштирилмаган.

Баъзи сайлов участкаларида участка сайлов комиссиялари аъзолари фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг мобиль телефондаги электрон фотосурати асосида сайлов бюллетенлари берилган.

Шунингдек, участка сайлов комиссиялар фаолиятига кўнгиллиларни жалб қилиб, улардан фойдаланилган.

Сайловчилар рўйхатида бўлмаган фуқарони сайловчилар рўйхати иловасига киритишда Марказий сайлов комиссиясининг қарорида белгиланган ҳаракатлар кетма-кетлигига тўлиқ риоя этилмаган.

Битта яширин овоз бериш кабинасига бир нечта сайловчиларнинг бир вақтнинг ўзида овоз беришига айрим комиссиялар томонидан йўл қўйиб берилган.

Қоидаларга зид ҳолатлар юқори турувчи сайлов комиссиялари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди, деди МСК раиси.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / Газета.uz.Фото: Маъмуржон Обраҳматов / Газета.uz.

МСК раҳбари куннинг биринчи ярмида айрим ҳудудларда сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими фаолиятида қисқа муддатли узилишлар кузатилганини қайд этди.

«Лекин бу узилишлар участка сайлов комиссияларининг фаолиятига ёки сайловчиларнинг овоз беришига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Сабаби овоз бериш жараёнлари ахборот тизимига боғлиқ эмас, сайловчилар рўйхатлари дастлаб чоп этилган бўлади», деди у.

Сайлов куни мазкур ахборот тизимидан фақатгина овоз берган сайловчилар сонини белгилаш ҳамда, зарур бўлганда, рўйхатда бўлмаган сайловчининг аниқлаш учун фойдаланилади. Барча муаммолар Рақамли технологиялар вазирлиги мутахассислари томонидан тезкорлик билан бартараф этилди, дея қўшимча қилди Зайниддин Низомхўжаев.

«Умуман олганда юқорида қайд этилган камчиликлар сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда уларнинг натижаларини чиқаришнинг қонунийлигига таъсир кўрсатмайди», — деди у.