Ўзбекистонда 2024 йил 1 декабрдан хусусий бандлик агентликлари лицензия олиши учун захира маблағлари миқдори камайтирилади. Бу ҳақда «Норма» хабар берди.
Қайд этилишича, маблағ миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 8500 баравари (3 млрд 187 млн 500 минг сўм)дан 4000 баравари (1,5 млрд сўм)гача камайтирилади.
Хусусий бандлик агентликлари захира маблағларини Агентликнинг розилигисиз фойдаланмаслик шарти билан тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириши ва ушбу депозитлардан олинадиган фоиз даромадларини эркин тасарруф этиши мумкин.
Бу тартиб президентнинг 17 октябрь куни қабул қилинган «Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 декабрдан Миграция агентлиги таълим ташкилотларига хорижда ишлашни истаган фуқароларни касбларга ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштиради.
Халқаро эътироф этилган таълим дастурлари бўйича касбга ўқитиш учун Таълим кредитларини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан таълим кредитлари ажратилади.
Профессионал таълим муассасалари ва касбий кўникмалар марказларида фаолият юритаётган хорижий тиллар ўқитувчиларининг рейтинги тузилади. Бунда инглиз, корейс, немис ва япон тиллари бўйича камида В1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари энг кўп бўлган 50 нафар ўқитувчига Жамғарма ҳисобидан 50 млн сўмдан субсидия тўланади.
Бундан ташқари, касбга ўқитиш муассасалари (рўйхат бўйича) молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаган ҳолда агентлик тасарруфига ўтказилади ва улар негизида фуқароларни (ёшларни) хорижий тилларга ўқитиш ва уларни хорижий давлатларда ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази филиаллари ташкил этилади.