Хорижда концерт беришни режалаштираётган Ўзбекистон санъаткорлари ўз гастроллари ҳақида «Ўзбекконцерт»ни ёзма равишда хабардор қилиш шарт, дея эслатиб ўтди давлат муассасаси матбуот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, мазкур тартиб «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонунининг 21-моддаси ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлардан ўрин олган.

«Муассасасини ёзма хабардор қилмасдан Ўзбекистондан ташқарида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади», — дейилади «Ўзбекконцерт» хабарида.

«Бугунги кунда ушбу талабларга риоя қилмай хорижда концерт дастурларини режалаштириб ўтказаётган хонандалар йўқ эмас. Лицензия талаб ва шартларига риоя қилмаган санъаткорларнинг лицензияси „Ўзбекконсерт“ давлат муассасаси томонидан муддатидан олдин тўхтатилиши маълум қилинади», — дейилади бошқармада.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида Маданият вазирлиги концерт ташкилотчиларига миллий қадрият ва анъаналарга риоя этилишини текшириш учун «Ўзбекконцерт»га батафсил сценарий тақдим этиш мажбуриятини юклашни таклиф қилди. Мақсад — саҳнадаги «ножоиз хатти-ҳаракатлар»нинг олдини олиш. Ариза йиғими ҳам жорий этилиши мумкин.