Рақобат қўмитаси микрокредит бўйича ташқи рекламадаги камчиликлар учун Davr Bank АТБга нисбатан молиявий жарима қўллагани ҳақида хабар берди.

Ўрганишлар давомида банк ўз хизматларини ташқи рекламада кўрсатишда аниқ маълумотларни келтирмаган 2 ҳолат аниқланган.

Хусусан, «Davr mobile иловасида 50 млн сўмгача онлайн микрокредит» мазмунидаги реклама ахбороти билан ташқи реклама эълонини берган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, микроқарз исталган мақсадларда фойдаланиш учун ажратилиши, Davr mobile иловаси орқали расмийлаштирилиши, қарз олувчи камида охирги 6 ой давомида доимий иш жойига ҳамда ойлик даромадга эга бўлган бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, микроқарз муддати — 60 ойгача, фоиз ставкаси — 43,00 фоиз, қарз миқдори — 50,0 млн сўм этиб белгиланганлиги аниқланган.

Микроқарз бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган, дейилади хабарда.

Яна бир ҳолатда Тошкент шахрининг бир қатор кўчаларида жойлашган LED мониторли реклама объектларида «Тадбиркорлар учун 5 миллиард сўмгача кредит, 24 фоиздан» мазмунидаги рекламалар жойлаштирилган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, кредит:

  • асосий воситаларни сотиб олиш учун;
  • муддати — 60 ойгача;
  • фоиз ставкаси — 32,99 фоиз;
  • миқдори — 5 миллиард сўмлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.

Кредит бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.

Ўрганишлар натижасида қўмитанинг Махсус комиссияси банкка «Реклама тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар талабларини бузиш аломатлари бўлгани учун белгиланган тартибда иш қўзғатди. Ҳолат натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Банкка қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бунга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.