Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Yandex Eats ва Express24 ўртасидаги битим бўйича қўшимча маълумотларни тақдим этди, дея хабар берди «Spot».
1 октябрь куни қўмитага Yandex Eats томонидан тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизмати бўйича, шунингдек, YandexGo UB томонидан такси агрегатори хизмати бўйича устун мавқега эришилгани ҳақидаги хабарномалар келиб тушган.
Тегишли буйруқ билан 22 октябрдан тайёр овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларини буюртма бериш ва етказиб бериш агрегатори хизмати бозорида Yandex Eats ва Express24, такси агрегатори хизматлари бозорида эса YandexGo UB устун мавқега эга рақамли платформа операторлари деб эътироф этилган.
Қўмита Yandex Eats томонидан Express24 хизмати активларининг бир қисмини сотиб олиш бўйича битим юридик шахснинг акцияларини (улушларини) эмас, балки активларни сотиб олишдан иборат эканини таъкидлаган.
Битим доирасида Express24 хизматига тегишли қуйидаги номоддий активларни сотиб олиш режалаштирилган:
- компьютер дастурлари, жумладан, iOS ва Android учун мослаштирилган мобил иловалар, курьерлар учун иловалар ва бошқалар, операцион жараёнларни қўллаб-қувватлаш дастури;
- маълумотлар базалари, жумладан, фойдаланувчи маълумотлари, Express24 веб-сайти;
- https://express24.uz/, exp24.uz, ekspress24.uz, exp.uz доменлари;
- «Express24: yetkazib berish xizmati», «Express24: yetkazib berish monstrlari», «Express dookon» савдо белгилари.
Шунингдек, ушбу транзакция Newmax Technologies`га тегишли бошқа активларга (шу жумладан, My Taxi такси агрегатори хизматига) таъсир қилмаслиги таъкидланган.
Битим, қўмитанинг қайд этишича, монополияга қарши орган билан олдиндан келишиш талабига тушмайди, чунки компанияларнинг акциялари (улушлари) сотиб олинмаяпти ва қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш содир бўлмаяпти.
«Шу билан бирга, ушбу битим иқтисодий концентрация хусусиятларига эга бўлиб, Yandex Eats томонидан Express24 сервисининг фаолиятига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади ва умумий ҳисобда тайёр овқатларни етказиб бериш агрегатори хизматлари бозорининг 87,5 фоизини назорат қилади», дейилади қўмита хабарида.
Ҳозир мазкур бозорда маҳаллий сервислар — Uzum Tezkor, Bringo, Girgitton, шунингдек, кафе ва ресторанларнинг ўз хизматлари (Telegram-ботлар ва иловалар), Россиянинг Broniboy компанияси мавжуд. Шунингдек, сентябрь ойидан Wolt сервиси ишга туширилди.
«Бу эса, бугунги кунда бозорда рақобат учун етарли шароитлар мавжудлигидан дарак беради. Қўмита мазкур битимнинг бозордаги рақобат ҳолатига ҳамда истеъмолчилар манфаатларига таъсирини доимий мониторинг қилиб боради», — дея хулоса қилинган хабарда.
25 октябрь куни Yandex Uzbekistan Express24 етказиб бериш хизмати активларининг бир қисмини сотиб олаётгани маълум бўлганди. Шартнома «тез орада» ёпилиши кутилмоқда. Шундан сўнг улар ягона технологик платформага ўтади. 26 октябрь куни эса YandexGo, Yandex Eats ҳамда Express24 бозорда устун мавқега эга рақамли платформа операторлари сифатида эътироф этилганди.