Тошкент туманидаги хонадонлар ва бир қатор ташкилотларда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилaди. Бу ҳақда «Тошкенттумангаз» хабар берди.
Дастлаб, ҳудуддаги 42 948 та хонадон, 610 та улгуржи ташкилот ва 41 та ижтимоий соҳа объектларида 30 октябрь куни соат 8:00 дан ишлар якунлангунга қадар газ таъминоти вақтинчалик тўхталиши белгиланганди.
Бу вақтда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан бир меъёрда таъминлаш мақсадида газ тармоқларидаги ёзги диафрагмаларни қишки диафрагмаларга алмаштириш ишлари олиб борилиши айтилган.
Кейинчалик «Ҳудудгазтаъминот» АЖ 30 октябрь куни ҳаво ҳарорати пасайиб кетиши туфайли таъмирлаш ишлари 1 ноябрь, жума кунига кўчирилганини маълум қилди. Ишлар соат 08:00 дан 18:00 гача бўлган вақт оралиғида олиб борилади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров 30 октябрь куни аҳоли газ таъминотидан узилиши тўғрисидаги хабар юзасидан расмийларга мурожаат қилган. У таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ҳарорат деярли нолга яқинлашадиган кунлар танланганининг сабабини сўраган.
«Хўп, ёзги диафраграмани қишкисига алмаштиришмоқчи экансизлар, шу пайтгача, масалан, ўтган ҳафта, ҳарорат 20 даражадан юқори кунларда нима қилдинглар? Нега айнан кузнинг энг совуқ кунини танладинглар?» — деб ёзади блогер.
Маълумот ўрнида, 30 октябрь, чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикасида, шунингдек, кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида бироз ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Совуқ ҳаво массаси мамлакат ҳудудидан чекина бошлайди, ҳарорат кечаси +2…+7 даража илиққача, кундузи +12…+17 даражагача кўтарилади.
Ҳафта давомида энг совуқ давр 29 октябрь тонггига тўғри келиши, бунда тоғларда ва Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудларида ҳаво ҳарорати −7…−5 даражагача совуқ, Қизилқум чўлларида -2 даражагача совуқ, республиканинг катта қисмида эса нол даражагача, ҳатто жанубий вилоятларда ҳам +1 даражагача пасайиши прогноз қилинган.