Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда 40 000 га яқин бевақт ўлим хона ичидаги газни ёқиш оқибатида ҳосил бўлган азот диоксиди таъсирига боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg Испаниядаги Хайме I университети олимлари тадқиқотига асосланиб хабар бермоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, газ плиталари, шунингдек, ЕИ ва Британиядаги болалар астма билан касалланган юз минглаб ҳолатлар билан боғлиқ.

Бу газ плиталарининг Европа аҳолиси саломатлигига таъсири бўйича биринчи шундай тадқиқот ҳисобланади, деб ёзди агентлик. Унда айтилишича, ҳозирда Европа хонадонларининг учдан бир қисми газ плиталаридан фойдаланади. Овқат пиширилганда, улар нафас олиш касалликлари ва эрта ўлим билан боғлиқ азот диоксиди ва заррачалар, шунингдек, иқлим ўзгаришига ҳисса қўшадиган иссиқхона газлари, жумладан, карбонат ангидридни чиқаради.

Табиий газ Европа минтақасида уйларни иситишда ҳам кенг қўлланади, деб эслайди олимлар. Умуман олганда, ЕИдаги барча иссиқхона газлари чиқиндиларининг тахминан 25 фоизи уй хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади.

«Жамоат саломатлиги нуқтаи назаридан, газ плиталари заҳарли», — деди тадқиқот муаллифи Хуана Мария Дельгадо-Саборит Bloomber’га. Газ плиталари туфайли эрта ўлим муаммоси, деди у, «биз ўйлагандан анча ёмонроқ».

Ҳали ҳам экспертлар томонидан кўриб чиқилмаган тадқиқот нодавлат нотижорат Европа иқлим жамғармаси томонидан молиялаштирилган ва Европа соғлиқни сақлаш иттифоқи томонидан ташкил этилган кенгроқ «тоза тайёрлаш лойиҳаси»нинг бир қисми ҳисобланади.

Дельгадо-Саборитнинг қўшимча қилишича, газ плиталаридан фойдаланувчилар соғлиққа таъсирини камайтириш учун овқат пишириш вақтида майдонни вентиляция қилиши ва уларни электр турига алмаштириш ҳақида ўйлаши керак. Унинг сўзларига кўра, эрта ўлимлар сони ҳақиқатан ҳам кўпроқ, чунки газ плиталари тадқиқотга киритилмаган бошқа ифлослантирувчи моддаларни ҳам чиқаради.

Bloomberg’нинг ёзишича, кўплаб Европа ҳукуматлари иқлим мақсадларига эришиш учун газни босқичма-босқич бекор қилиш мақсадларини жорий қилган. Европа Комиссияси ҳозирда газ плитаси дизайни стандартларини кўриб чиқмоқда — бу NО2 эмиссияси, энергия самарадорлиги ва ифлосланиш белгиларига нисбатан қаттиқроқ чекловларни ўрнатишни ўз ичига олиши мумкин.

  • Аввалроқ Стенфорд университети (АҚШ) олимлари ҳам газ плиталари хавфли миқдорда азот диоксиди чиқаришини аниқлаган эди. Улар ушбу бирикма болаларда астма ва бошқа нафас олиш касалликларини келтириб чиқариши, шунингдек, эрта ўлимга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаганди. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Америка уй хўжаликларида NO2`нинг узоқ муддатли таъсири ҳар йили 19 минг нафар катталар ўлимига сабаб бўлиши мумкин.