2025 йилда Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар бўлиши режалаштирилмоқда. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида қайд этилган.
5,5 млрд доллардан 3 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, 2,5 млрд доллар эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади.
Қонун лойиҳасида Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30 трлн сўм, давлат томонидан қабул қилинадиган мажбуриятлар (сотиб олиш ёки тўлаб бериш) ва тасдиқ хатлари берилиши талаб қилинадиган барча давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида имзоланадиган янги лойиҳалар қийматининг чекланган ҳажми 6,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
2024 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи йилнинг дастлабки олти ойи ичида 2,1 млрд долларга кўпайиб, 37 млрд доллардан ошган. Кредитлар асосан давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган.