Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Исроил авиазарбаси оқибатида собиқ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганидан кейин Наим Қосим янги раҳбар этиб сайлаганини эълон қилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Айтилишича, Шўро кенгаши шайх Наим Қосимни янги бош котиб этиб сайлаган. Гуруҳ вакиллари ўлдирилган Ҳасан Насруллоҳнинг «ғалабага эришилмагунча» номли сиёсатини давом эттиришини маълум қилди.
Наим Қосим 71 ёшда бўлиб, Насруллоҳнинг ўлимидан сўнг у «Ҳизбуллоҳ» раҳбари вазифасини бажарди. У Байрут университетини тамомлаган ва 1982 йилда «Ҳизбуллоҳ» асосчиларидан бирига айланган. 1991 йилдан ҳаракат раҳбарининг ўринбосари бўлган.
Ҳасан Насруллоҳ 1992 йилдан буён «Ҳизбуллоҳ»га раҳбарлик қилиб келаётганди. У 27 сентябрь куни Байрутга Исроил ҳаво ҳужуми сабабли ҳалок бўлган.
Унинг ўлимидан сўнг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу октябрь ойида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ижроия кенгаши раҳбари Ҳошим Сафиддин ўлдирилганини тасдиқлади. У гуруҳнинг ўлдирилган етакчиси Ҳасан Насруллоҳга ворис сифатида кўриларди.