Тошкент шаҳри Миробод туманидаги боғчада ёш болага аёллар кийимини кийдириб, рақс ижро эттирган тарбиячи ишдан олинди. Бу ҳақда болалар омбудсмани офиси хабар берди.

Юнусобод туманида яшовчи И.К. исмли эркак бола ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат қилиб, ўғли Я.К. (2016 й.т.) Миробод туманидаги МТТ тарбияланувчиси эканини маълум қилган. Унинг айтишича, 2022 йилда тарбиячи ўғлига қизлар кийимини кийдириб, лаб ва юзларини бўяган ва аёллар рақсини ижро эттирган.

У ушбу саҳна кўриниши ҳақида уни ота сифатида огоҳлантириб, рухсат олишмагани, воқеадан Telegram орқали келган фото ва видеотасвирлардан хабар топганини билдирган. Эркак бу билан ўғлининг шаъни ва қадр-қиммати камситилган деб ҳисоблаган ва боласининг бузилган ҳуқуқлари тикланишида ёрдам сўраган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, Я.К. қатнашган тадбирда саҳна кўринишини ташкиллаштирган тарбиячи Х.Қ. экани ва болага оид бу саҳна хусусиятлари юзасидан отадан рухсат олмагани аниқланган.

Меҳнат кодексининг 157-моддаси (Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш) билан тарбиячининг меҳнат шартномаси бекор қилинди.