Ўзбекистонда мавжуд 208 та туман (шаҳар)да жами 9452 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти йўлга қўйилган. Бу ҳақда 25 октябрь куни «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Унинг қайд этишича, битта маҳаллада кўпи билан 5500 нафар аҳоли яшайди, уларни бошқариш учун 2023 йили «маҳалла еттилиги» тизими жорий этилди.
«2023 йилда ҳурматли президентимизнинг қарор ва фармонлари билан „маҳалла еттилиги“ тизими яратилди. Еттиликка маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киради. Улар маҳалладошларимизнинг муаммосини жойида ҳал этишга ёрдамлашади. Очиғини айтаман, бу „маҳалла еттилиги“ тизими дунёнинг бирорта давлатида йўқ», — деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси.
Қуронбоевнинг тушунтиришича, маҳалла раиси маҳалла ободлиги ва халқ фаровонлиги учун амалга ошириладиган умумий ишларга раҳбарлик қилади. Ҳоким ёрдамчиси аҳолини камбағалликдан чиқаришга кўмаклашиб, бандликни таъминлаш ва одамларга кредит олишга ёрдамлашади. «Бундан олти йил олдин мамлакатимизда камбағаллик даражаси 24 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 12−13 фоизга тушди», дея қўшимча қилди Қаҳрамон Қуронбоев.
Унга кўра, хотин-қизлар фаоли маҳалладаги аёллар манфаатини ҳимоя қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашади. Солиқ инспектори тадбиркорлик субъектларига кўмакчи бўлса, ижтимоий ходим ўз ҳудудидаги ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам бериш билан шуғулланади. Ёшлар етакчиси эса маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтишига жавоб беради.
Тадбирдан сўнг ОАВ вакилларига интервью берган Қаҳрамон Қуронбоев бугунги кунда «маҳалла еттилиги» тизимида қанча ходим фаолият юритаётгани ҳақидаги саволга «Ҳозирда 51 137 нафар одам еттиликда ишлаяпти», дея жавоб қайтарди.