Ўзбекистонда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 2017 йилда 64 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йил апрелига келиб бу кўрсаткич 77 фоизга етган. Яъни, ҳали ҳам ичимлик сув таъминотидан қийналаётган аҳоли пунктлари мавжуд. Улар орасида яқин-яқингача Наманган вилояти Косонсой туманидаги Сойча қишлоғи ҳам бор эди.
4875 нафар киши яшайдиган мазкур қишлоққа сув ундан 1715 узоқликдаги қувурлар тортиб келинди, қишлоқнинг ўзида баландлиги 18 метр бўлган сув минораси қурилди. Қишлоқдаги сув тармоғининг узунлиги салкам 20 километрга етди. Бу ишларнинг бари «Ўзбекистоннинг олис ҳудудларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва санитария лойиҳаси» доирасида бажарилди.
Лойиҳа Аҳоли турмуш тарзини ривожлантиришга кўмаклашиш республика «Тараққиёт» жамғармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Япониянинг «JTI Global WASH Initiative SA» жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бунда япон жамғармаси ажратган 2 млн доллар эвазига 2024−2026 йилларда Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидаги жами 24 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи қишлоқларни, хусусан, улардаги боғча-мактаблар, тиббиёт муассасаларини ичимлик сув билан таъминлаш кўзда тутилган.
Фарғона водийсидаги ўнлаб қишлоқларда олиб борилган ўрганишлар асосида сув инфратузилмасини яхшилашга эҳтиёжманд иккита аҳоли пункти саралаб олинган. Саралаш бир неча мезон асосида қилинган. Дастлабки мезон — қишлоқ аҳолиси сони 4000 (тўрт минг) кишидан кўп бўлиши. Иккинчиси — қишлоқнинг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси. Андижон, Наманган ва Фарғона Ўзбекистоннинг энг серсув ҳудудлари бўлишига қарамай, ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси ҳали 100 фоиз эмас.
Учинчи мезон — аҳолининг лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга тайёрлиги. Лойиҳа бўйича, ичимлик сув таъминоти бўйича бошқарув вакиллари қишлоқ аҳолисининг ўзидан тайёрланиши керак. Сайланган, танлаб олинган вакилга ишнинг сир-асрорлари ўргатилади. ННТ сифатида рўйхатдан ўтказилган ташкилотни маҳаллий аҳолидан чиққан мутахассис бошқариши назорат ва мониторингнинг шаффоф бўлишига хизмат қилади.
Кейинги мезонлар — қишлоқда сув орқали юқувчи касалликларнинг кўп-камлиги ва унда муқобил ичимлик сув манбалари бор-йўқлиги. У ёки бу қишлоқда сув орқали ёки айнан сувсизлик оқибатида юқадиган касалликлар ҳақида маълумот олиш учун аҳоли орасидан фокус-гуруҳлар шакллантирилган. Сўровлар вақти аҳоли вакиллари диарея ва гепатит каби хасталиклар билан касалланишлар, гельминтлар билан боғлиқ салбий ҳолатларни тилга олган.
«Лойиҳа маълум бир қишлоққа фақат сув тортиб келиш билан кифояланиб қолмайди. Масалан, аҳолининг иқлим ўзгаришининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида тренинглар ўтказиш ҳам кўзда тутилган», — дейди «Тараққиёт» маркази эксперти Нурбек Пўлатов.
Фарғона вилояти Фарғона туманидаги 5200 киши яшовчи Фарғона қишлоғи лойиҳа доирасида ичимлик сув билан таъминланадиган иккинчи манзил бўлади.