2024 йил 29 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Данғара туман судида сайловда бир киши бир неча кишига овоз беришга йўл қўйган шахс устидан суд бўлиб ўтди. «Газета.uz» суд ҳужжатини ўрганди.

Ҳужжатда келтирилишича, 2024 йил 27 октябрь куни Халқ депутатлари туман кенгашига ўтказилган сайлов жараёнида Данғара туманидаги 541-сайлов участкаси сайлов комиссияси аъзоси М.А. фуқаро М.М.га бошқа шахслар номидан овоз бериш учун жами 4 тадан ортиқ бўлган сайлов бюллетенларини бериб, сайлов ўтказиш қонунчилигини бузилишига йўл қўйган.

М.А. ўзининг ушбу ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51−10-моддасида (Сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган. Ҳуқуқбузар М.А. судда содир этган ҳуқуқбузарлигига тўлиқ иқрор бўлиб, бу ҳаракатларидан чин кўнгилдан пушаймонлиги тўғрисида кўрсатув берган.

Суд М.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51−10-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 (бир) баравари миқдорида — 375 минг сўм жарима жазосини тайинлади.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев сайлов участкаларида кузатилган камчиликлар ҳақида хабар берганди.

Хусусан, айрим сайлов участкаларидаги овоз бериш хоналарида сайлов жиҳозларини Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган талаблар асосида жойлаштирилмаган. Баъзи сайлов участкаларида участка сайлов комиссиялари аъзолари фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг мобиль телефондаги электрон фотосурати асосида сайлов бюллетенлари берилган.

Шунингдек, участка сайлов комиссиялар фаолиятига кўнгиллиларни жалб қилиб, улардан фойдаланилган. Сайловчилар рўйхатида бўлмаган фуқарони сайловчилар рўйхати иловасига киритишда Марказий сайлов комиссиясининг қарорида белгиланган ҳаракатлар кетма-кетлигига тўлиқ риоя этилмаган.

Битта яширин овоз бериш кабинасига бир нечта сайловчиларнинг бир вақтнинг ўзида овоз беришига айрим комиссиялар томонидан йўл қўйиб берилган.