Украина ва Россия Қатар воситачилигида бир-бирининг энергетика инфратузилмасига зарбаларни тўхтатиш бўйича «дастлабки музокаралар»ни олиб бормоқда, деб ёзди Financial Times дипломатик манбаларга таяниб.
Газета суҳбатдошларидан бирининг айтишича, гап «бирор нарсани қайта тиклаш имконияти бўйича жуда эрта босқичдаги музокаралар» ҳақида бормоқда.
Москва ва Киев разведка хизматлари томонидан эришилган келишув доирасида сўнгги ҳафталарда улар бир-бирининг энергетика инфратузилмасига ҳужумлар сонини аллақачон қисқартирган, деб хабар берди нашрга Украина юқори мартабали амалдори.
Музокаралардан хабардор бўлган Кремлнинг собиқ юқори мартабали амалдори FT`га Россия президенти Владимир Путиннинг Россия қўшинлари Украина армиясини Курск вилоятидан сиқиб чиқармагунча келишувга рози бўлиши даргумонлигини айтди. Украина расмийининг сўзларига кўра, айни пайтда Москва музокараларни бошлашга мажбур қилиш учун Россиядаги нишонларга, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни давом эттиришни режалаштирмоқда.
FT маълумотларига кўра, ўтган йилнинг кузида Киев ва Москва бир-бирининг энергия объектларига зарба бермаслик бўйича «яширин келишув»га эришганди. Бироқ Украина дронларининг Россия нефть объектларига ҳужумлари туфайли Москва бу келишувларни бузилган деб ҳисоблади.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Россия ва Украинанинг бир-бирининг энергетика объектларига ўзаро ҳужумларини тўхтатиши тинчлик музокаралари йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкинлигини айтганди.
- 2024 йил апрель ойида Владимир Зеленский Украина Россиянинг ракета ҳужумлари оқибатида деярли барча иссиқлик электр станцияларини йўқотгани ҳақида гапирганди. Ўша ойда шундай ҳужумлардан биридан сўнг Киев, Черкас ва Житомир вилоятларига энг йирик электр энергияси етказиб берувчи Триполье иссиқлик электр станцияси вайрон қилинган.