Фарғона вилоятида жамоат транспортининг янги табақалаштирилган нархлари белгиланди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров чиқарган қарор эълон қилинди.

Унга кўра, энди вилоят жамоат транспортида аҳолининг турли тоифалари учун саёҳат тарифлари ва «пересадкалар» вақтида чегирмаларни назарда тутувчи янги табақалаштирилган тарифлар амал қилади.

Фарғона вилоятининг шаҳарларида, шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш хизматларининг чекланган тарифи қуйидагича белгиланди.

  • автобусларда бир нафар йўловчи учун йўл ҳақи — 3000 сўм (аввал 2000 сўм эди);
  • жамоат транспортида электрон шаклда тўланган тўлов (транспорт картаси, АТТО, банк карталари) бир нафар йўловчи учун бир марталик рағбатлантирувчи йўл ҳақи тарифи — 2400 сўм;
  • йўналишли такси (микроавтобус)ларда бир нафар йўловчи учун — 4000 сўм (аввал 3000 минг сўм эди).

Бир соат ичида бошқа автобусга ўтказилганда транспорт картаси билан тўлашда тариф 1600 сўмни, учинчи ва кейинги автобусларга эса 0 сўмни ташкил этади.

Аҳолининг турли тоифаларига турли давр учун (1 кундан 1 йилгача) автобуслар учун йўл ҳақи тарифлари жорий этилади: умумий, нафақадагилар, талабалар, ўқувчилар учун ва бепул (бепул саёҳат қилиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар учун).

7 ёшгача бўлган болалар учун шаҳар автобусларида саёҳат бепул бўлади.

Маълумот учун, 2023 йил ноябрдан Тошкент шаҳри жамоат транспортида йўл ҳақи нақд ёки банк картаси орқали тўлашда 1400 сўмдан 2000 сўмгача, АТТО транспорт картаси билан тўлов амалга оширилганда эса 1700 сўмгача оширилганди.