Халқаро молия корпорацияси (IFC) 30 октябрь куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган «Бўлажак инвестиция ташаббуслари институти» (Future Investment Institute) конференциясида Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ACWA Power компаниясига 240 миллион долларлик оралиқ капитал кредити ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда IFC матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.
Маблағлар ислом молияси (Islamic Equity Bridge Loan) тамойилларига мувофиқ ажратилган, дейилади ҳисоботда.
IFC маблағлари иккита лойиҳани, жумладан, 1 ГВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини, 668 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини ва тахминан 500 км узунликдаги юқори вольтли электр узатиш линияларини қуриш ва фойдаланишни қўллаб-қувватлайди.
Лойиҳа Ўзбекистонда иссиқхона газлари чиқиндиларини йилига тахминан 1,3 миллион тонна CО2 га камайтириши кутилмоқда. Ушбу лойиҳалар ишга туширилгач, йилига тахминан 2400 гигаватт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
«IFC'нинг ACWA Power билан стратегик ҳамкорлиги кўп томонлама ривожланиш молия институтларининг бизнинг кредитга лаёқатлилигимизга ва умуман Саудия Арабистони корпорацияларига ишончини таъкидлайди. Ушбу муҳим битим АCWА Power компаниясининг Ўзбекистон каби муҳим бозорларда қайта тикланадиган энергияга ўтиш бўйича давом этаётган садоқатини оширади, шунингдек, барқарор энергия соҳасида жаҳон етакчиси сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди», — деди АCWА Power компаниясининг молиявий директори Абдулҳамид Ал Муҳайдиб.
«Лойиҳа IFC’нинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ривожланаётган бозорларда тоза энергияга ўтишни тезлаштириш ҳамда Саудия Арабистони давлат ва хусусий сектор корхоналарини минтақада ва ундан ташқарида инновацион инвестициялар билан қўллаб-қувватлаш борасидаги мажбуриятини акс эттиради», — деди IFC’нинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Афғонистон ва Покистондаги инфратузилма ва табиий ресурслар бўйича минтақавий менежери Лаура Вецвагаре.
Бундан ташқари, лойиҳа АCWА Power’да аёллар улушини ошириш ва гендерни қамраб олувчи иш жойларини яратиш орқали гендер тенглигига ҳисса қўшиши кутилмоқда.