28 октябрь куни олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов ва Япониянинг Цукуба университети ректори Нагата Кёсукэ Ўзбекистонда Япония таълим дастурлари асосида халқаро университет ташкил этишга келишиб олди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда бўлажак университетнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди.
Нагата Кёсукэ Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов билан ҳам учрашди. Янги университет учун қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, оммабоп йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлашда янги технологияларни жорий этиш, шунингдек, бўлажак университет фаолиятини босқичма-босқич кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар лойиҳани амалга ошириш учун зарур чораларни кўришга тайёр эканини билдирди.
Шавкат Мирзиёев февраль ойида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 116 та олийгоҳни ўрганиб, уларни йириклаштириш дастурини ишлаб чиқиш, уларга «миллий», «давлат» университети, академия ёки институт мақомини бериш топшириғини берган эди. Шунингдек, бакалавриат даражаларини кенгайтириш ва уларнинг сонини 40 фоизга қисқартириш режалаштирилган.