«Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси ижтимоий тармоқларда 1 ноябрдан чиқиндини олиб чиқиб кетиш учун қарзи бор абонентлар электр энергиясидан узилади, деган хабарларни рад этди.
1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида уч ой давомида чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича қарздорлиги бўлган абонентлардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинча чеклаш бошланиши керак. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг январь ойидаги фармонида назарда тутилган.
1 июндан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида чиқиндиларни олиб чиқиш учун ярим йиллик қарздорлик учун шундай чеклов жорий этилиши режалаштирилган эди. 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида чекловлар ойлик қарздорлик ҳолатидаёқ амал қила бошлайди.
Октябрь ойининг бошидан бошлаб «Ҳудудий электр тармоқлари» истеъмолчиларга чиқиндиларни олиб чиқиш учун қарздорлик мавжуд бўлса, электр энергияси учун тўловни чеклаш ҳақида СМС-хабарлар юборишни бошлади.
«Ҳудудий электр тармоқлари» ҳозирда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарзини тўламаган истеъмолчилардан тўловларни қабул қилишни вақтинча чеклаш тизимини ишга тушириш бўйича техник ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Аввалроқ «Ҳудудий электр тармоқлари» «Газета.uz»га электр энергияси учун ҳақ тўлаш имкониятини чеклашни бошлаш учун электр энергияси тўғрисидаги қонунларга, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, шунингдек, энергия таъминоти корхоналари ва истеъмолчилар ўртасидаги келишувлар шартларига ўзгартиришлар киритиш талаб этилишини аниқлаштирган эди.
Бир кун аввал Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги 1 ноябрдан 5 ноябргача «Toza Makon-Billing» янги биллинг тизими жорий этилиши муносабати билан чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўловларни амалга оширишда узилишлар бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди.
Электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш кимлар учун чекланиши режалаштирилмоқда?
Мазкур фармонга кўра, электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинча чеклаш «шаклланаётган қарздорлик тўғрисида ўз вақтида ва қулай тарзда хабардор қилиш» тизимини жорий этиш билан амалга оширилиши лозим. Бу тизим чиқиндиларни олиб чиқиш учун ойлик тўловлар бўйича қарздор бўлган абонентларни СМС орқали хабардор этишни назарда тутади.
Электр энергияси учун тўловни қабул қилишга чеклов электрон тўлов тизимлари орқали қарздорлик ҳақида олдиндан огоҳлантириш юборилганидан сўнг, чиқинди учун тўлов амалга оширилмаган тақдирда жорий этилади. Чиқиндилар билан ишлаш бўйича хизматлар учун қарздорлик тўлиқ тўланганидан сўнг, чеклов олиб ташланиши керак.
Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудларда чекловлар жорий этилмайди.