БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва болалар омбудсмани офиси 8 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасида болалар ва ўсмирлар вазиятининг таҳлили» ҳисоботини тақдим этди. Ҳужжат Ўзбекистон 1994 йилда ратификация қилган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг 35 йиллигига бағишланган. Бундан аввалги худди шундай таҳлил 2019−2020 йилларда ўтказилган эди.

Тадқиқот сўнгги йилларда бир қатор ютуқларга эришилгани, хусусан, ижтимоий хизматлар ва улардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайгани, таълим ва соғлиқни сақлашда деярли тўлиқ қамровга эришилгани, сиёсат ва қонунларнинг болалар манфаатлари учун энг яхши тарзда такомиллаштирилганини кўрсатди. Шу билан бирга, ҳисоботда болалар ва ўсмирлар фаровонлигини таъминлаш соҳасидаги ишларни янада яхшилаш зарурлигидан далолат берувчи асосий муаммолар ажратиб кўрсатилган ва тавсиялар берилган.

«Боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган, — дейди болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова. — Бугунги кунда нафақат болалар фаровонлигини таъминловчи самарали ҳуқуқий механизмни йўлга қўйиш, балки боланинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларига урғу берувчи янги ижтимоий тафаккур ва ижтимоий меъёрларни шакллантириш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда».

«Вазият таҳлили ютуқлар ва тенденциялар, шунингдек, инсон ҳуқуқларининг энг муҳим тамойиллари: тенглик, камситмаслик ва адолат нуқтаи назаридан такомиллаштириш талаб қилинадиган соҳаларни тавсифлайди,» — дея қўшимча қилади у.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Сурайё Рахмонова. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Болалар омбудсмани ушбу таҳлил Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар фаровонлигини яхшилашга қаратилган янги сиёсат вазифалари ва асосий дастурларини ишлаб чиқишда қимматли восита бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастижионинг таъкидлашича, вазият таҳлилидан ўрин олган тавсиялар болалар манфаатларига хизмат қилувчи асосий секторларда ҳақиқий маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Рехина Мария Кастижио. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

«Тавсиялар Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНИСЕФ ўртасида болалар ва ўсмирлар фаровонлигига алоҳида эътибор берган ҳолда, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган «Ўзбекистон — 2030″ миллий стратегиясига мувофиқ, 2026−2030 йилларга мўлжалланган мамлакат дастурини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади», — дейди Рехина Мария Кастижио.

«Вазият таҳлили Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларига оид холис ва текшириш мумкин бўлган таҳлилни тақдим этади, бу эса болаларга, айниқса, энг муҳтожларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган муҳим муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради», — дейди ҳисобот муаллифлари. Уни тайёрлаш учун турли хил ва бир-бирини тўлдирувчи маълумотларнинг кенг тўплами ахборот йиғишнинг ҳам сифат, ҳам миқдорий усулларидан фойдаланган ҳолда тўпланган ва таҳлил қилинган.

Тадқиқотда болалар ва ўсмирларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги асосий омиллар, имкониятлар ва тўсиқлар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқалари кўриб чиқилади, шунингдек, мавжуд камчиликлар ва тенгсизликлар ҳақида тушунча берилади. Таҳлил болалар ҳаётига таъсир қилувчи минтақавий ва глобал муаммоларни эътироф этган ҳолда мамлакатдаги вазиятни акс эттиради.

Муаллифлар мамлакатда болалар ҳуқуқларига риоя этилишини самарали назорат қилишга тўсқинлик қилаётган «маълумотлар ва фактлар билан боғлиқ сезиларли бўшлиқлар» мавжудлиги, бунга, айниқса, ажратиб олинган маълумотлар ва реал вақт режимида олинган маълумотларнинг йўқлиги сабаб бўлаётганини афсус билан қайд этади. Бола ҳуқуқларини мониторинг қилиш тизими тегишли кўрсаткичларнинг 68,1 фоизини қамраб олади, бироқ ушбу маълумотларнинг атиги 15 фоизи 2023 йилга тааллуқли.

Ҳисобот «Саломатлик ва овқатланиш», «Таълим, дам олиш ва маданият», «Оилавий муҳит ҳамда зўравонлик ва зарарли амалиётлардан ҳимоя қилиш», «Иштирок ва фуқаролик ҳуқуқлари», «Камбағаллик ва муносиб турмуш даражаси», шунингдек, «Секторлараро масалалар» каби бўлимларга бўлинган. Якунда қатор йўналишлар бўйича тавсиялар берилади. «Газета.uz» вазият таҳлилининг қисқача шарҳини тақдим этади (тўлиқ ҳужжат PDF шаклида мавжуд).

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Ўзбекистонда 2024 йил бошида 0−17 ёшдаги болалар сони. Катталаштириш учун босинг.

Саломатлик ва овқатланиш

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш хизматлари билан умумий қамров индекси (ЖССТга кўра) 2000 йилдан буён 20 пунктга ошиб, 2021 йилда 75 баллга етди (дунё бўйича ўртача кўрсаткич — 68 балл). Бу болалар ва оналар учун бирламчи тиббий ёрдамнинг қулайлиги ва сифати яхшиланаётганидан дарак беради.

2021 йилда давлат тиббий суғуртаси дастури ишга туширилди (тўлиқ жорий этилиши 2024 йилдан бошланди). Ундан кўзланган мақсад — кутилаётган умр кўриш давомийлигини 2023 йилдаги 74 ёшдан 2030 йилга келиб 78 ёшгача ошириш.

2022 йилда мамлакатда 46 та туманлараро перинатал марказ очилди. Бу оналар ва чақалоқлар парваришини яхшилаш, шунингдек, туғруқдаги асоратлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга ёрдам берди. Туғруқдан олдинги даврда парвариш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга етди.

Одам папилломаси вирусига (ОПВ) қарши эмлаш Миллий иммунизация дастурига киритилди. 2019 йилда биринчи доза билан 12−14 ёшли қизларнинг 94 фоизини қамраб олишга эришилди. Муваффақиятли эмлаш кампанияси 2021 ва 2022 йилларда болалар орасида қизамиқ тарқалишини ҳам тўхтатди.

Айни пайтда, мамлакатда эмлаш даражаси юқори бўлишига қарамай, 9000 га яқин бола зарур эмлашни олмаган.

Тўйиб овқатланмаслик даражасининг пасайиши яна бир муҳим ютуқ бўлди. 2023 йилда бутун мамлакат бўйлаб бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш учун бюджетдан 2,3 трлн сўм ажратилди.

5 ёшгача бўлган болалар орасида ўсишнинг кечикиши 2012 йилдаги 13,2 фоиздан 2022 йилда 6,9 фоизгача камайди. Болалар орасида озғинликнинг тарқалганлик даражаси атиги 2,4 фоизни ташкил этмоқда.

Соҳада нималарни такомиллаштириш зарур?

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

2020−2024 йилларда соғлиқни сақлаш тизимига бюджет харажатлари.

Соғлиқни сақлаш тизими бир қатор муаммоларга дуч келишда давом этяпти. Молиялаштиришнинг етишмаслиги жиддий муаммолигича қолмоқда — соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни 2030 йилга қадар икки баравар ошириш режаларига қарамай, соғлиқни сақлашга йўналтириладиган маблағларнинг давлат бюджетидаги улуши 2020 йилдаги 13,5 фоиздан 2024 йилда 10,7 фоизгача қисқарди. Тиббий хизматлар харажатларининг 60 фоиздан ортиғи аҳолининг шахсий маблағлари ҳисобидан қопланмоқда.

Бундан ташқари, тиббий ёрдамдан фойдаланишда, айниқса, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан заиф гуруҳлар орасида сезиларли тенгсизлик мавжуд.

Неонатал ўлим даражаси ҳалигача хавотирли: 5 ёшгача бўлган болалар орасида ўлим ҳолатларининг 57 фоизи ҳаётнинг дастлабки 28 кунига тўғри келади, бу эса тиббий аралашувни яхшилаш зарурлигини кўрсатади.

Кўкрак сути билан озиқлантиришнинг афзалликлари ҳақида хабардорликни ошириш кампанияларига қарамай, фақат кўкрак сути билан озиқлантириш кўрсаткичи 2017 йилдан бери 25 фоизга пасайди.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Фото: ЮНИСЕФ.

Руҳий саломатлик соҳасидаги муаммолар ташвиш уйғотмоқда. Болалар орасида (100 минг кишига нисбатан) руҳий касалликларнинг янги ҳолатларининг авж олиши кузатилмоқда. Руҳий касалликларга чалинган болаларнинг умумий сони 2019 йилдаги 79 мингдан 2022 йилда 81 минг нафарга етди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги алоҳида эътиборни талаб қилади, чунки болалар ва ўсмирлар орасида йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) қурбонлари сони юқорилигича қолмоқда. ЙТҲ Ўзбекистонда ўлимнинг бешта асосий сабаблари қаторига киради, 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган шахслар ўлимининг асосий сабаби ва ўсмирлар орасида ўлимнинг иккинчи асосий сабаби ҳисобланади.

2019 йилдан 2022 йилгача ЙТҲларда жароҳатланиш ҳолатлари 21 фоизга, ўлим билан тугаш ҳолатлари эса 14 фоизга ошган. 0−16 ёшли болалар орасида ЙТҲ натижасида олинган жароҳатлардан вафот этганлар сони 52 фоизга кўпайган.

Мактаблар ва тиббиёт муассасаларининг сув таъминоти, санитария ва гигиена инфратузилмаси қўшимча инвестицияларга муҳтож.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Сирдарё вилоятидаги қишлоқ мактабларидан бирининг ҳожатхонаси. Фото: «Газета.uz».

Таълим, дам олиш ва маданият

Ўзбекистон таълим инфратузилмасига фаол инвестиция киритмоқда. Мамлакатда «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида 2026 йилга қадар 370 дан ортиқ янги мактаб қуриш, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида 620 минг ўрин, умумий ўрта таълим муассасаларида 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган.

2020 йилда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонун 11 йиллик бепул таълимни кафолатлайди ва ногиронлиги бўлган болаларнинг оддий мактабларга интеграциялашувига имкон яратади.

Бошланғич таълим билан қамров даражаси 2021−2022 йилларда 99 фоизга етди. Мактабгача таълим билан қамров даражаси сезиларли даражада ошди: 2017 йилда 30 фоиздан паст бўлган кўрсаткич 2024 йилга келиб 73 фоиздан ошди — бу деярли 2 миллион бола дегани.

Соҳада нималар такомиллаштирилиши зарур?

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Ҳисоботда таълим соҳасида сиёсатни режалаштириш салоҳияти чекланганлиги қайд этилган: натижага йўналтирилган таълимни молиялаштиришнинг етарли даражада эмаслиги таълим ислоҳотларини самарали ва унумли амалга оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мактабгача таълим муассасаларига қатнаш бўйича сезиларли даражада ҳудудлараро тафовутлар сақланиб қолмоқда. Қамров даражаси Тошкент шаҳрида 71,9 фоиздан Қашқадарё вилоятида 47,7 фоизгача кескин фарқ қилади.

Рақамли таълим жадал ривожланмоқда: мактабларнинг 94 фоизи интернетга уланган, 47 фоизи таълим мақсадларида компьютерлар билан жиҳозланган. Шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологиялари синфлари учун стандартлар замонавий талабларга жавоб бермайди, бу эса рақамли таълим олиш имкониятини чеклайди ва STEM йўналишларида ўзлаштиришга салбий таъсир кўрсатади.

Айниқса, ногиронлиги бўлган болалар учун ҳақиқий инклюзив таълим амалиётини жорий этишда қийинчиликлар кузатилмоқда. Булар инфратузилма, ўқув материаллари ва ўқитувчилар салоҳияти билан боғлиқ.

Таълим сифати хавотир уйғотади: 2022 йилда ўтказилган ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури таҳлили натижалари Ўзбекистон асосий кўникмалар бўйича ўртача даражадан паст эканлигини кўрсатди.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Ўзбекистондаги асосий мактаб фанлари бўйича PISA натижалари.

Шунингдек, ўқитувчилар орасида малака ва ўқитиш сифати етарли даражада эмаслиги қайд этилган: эскирган тайёргарлик дастурлари ва амалиёт ўташ учун самарали имкониятларнинг йўқлиги ўқитишнинг якуний натижаларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Оила муҳити ҳамда зўравонлик ва зарарли амалиётлардан ҳимоя қилиш

2023 йил апрель ойида Жиноят кодексига оиладаги зўравонликни жиноят сифатида белгиловчи ўзгартиришлар киритилди, жорий йилнинг август ойида эса Сенат «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади (ҳали президент томонидан имзоланмаган).

Болаларни ҳимоя қилишда тузилмавий ёндашувни жорий қилиниши 2023 йилда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши билан боғлиқ. Ташкилот 4800 нафар ижтимоий ходим, ижтимоий масалалар бўйича 2352 нафар ёрдамчи ва туманлардаги «Инсон» марказларининг 1866 нафар ходимларини ишга қабул қилди, бу эса болаларни ҳимоя қилиш соҳасида хизматлар сифатини оширишга ижобий таъсир кўрсатди.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Сўнгги икки йилда 23 та интернат ёпилди, натижада 2448 нафар бола оилалар тарбиясига ўтказилди. Ногиронлиги бўлган болаларнинг 79 фоизи ҳамон интернатларда қолмоқда, бу эса оилани қўллаб-қувватлаш ва қайта интеграция хизматлари етарли даражада ривожланмаганлигини кўрсатади.

Ўзбекистон пахта соҳасида тизимли болалар меҳнатига барҳам берди ва бу борадаги саъй-ҳаракатлари учун халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлди. 2022 йил октябрь ойида қабул қилинган Меҳнат кодекси болалар меҳнатига нисбатан янада қатъий чекловларни жорий этиб, уни халқаро меъёрларга мувофиқлаштирди.

Соҳада нималар такомиллаштирилиши зарур?

Расмий идоралараро ҳамкорлик ва маълумотларни йиғишнинг комплекс механизмлари мавжуд эмаслиги болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини мониторинг қилиш ва унга қарши курашишни қийинлаштирмоқда.

Қонун билан зиддиятга учраган болалар ва ўсмирлар тизимли муаммоларга дуч келмоқда: одил судлов соҳасида ихтисослашган органлар ва мутахассисларнинг етишмаслиги болалар манфаатларини ҳисобга олувчи тартиб-қоидаларни жорий этишга тўсқинлик қилмоқда ҳамда қонун билан зиддиятга учраган болаларнинг ўзига хос эҳтиёжларини ҳисобга олишга имкон бермаяпти.

Болалар орасида жиноятчилик даражасининг ўсишига сабаб бўлувчи омилларни тушуниш учун сифатли маълумотлар етарли эмас.

Мамлакатда эрта ёшдаги никоҳлар, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари давом этмоқда.

Пахта соҳасида болалар меҳнатидан воз кечилганига қарамай, 5−17 ёшдаги болаларнинг 21 фоизи бошқа тармоқлар ва норасмий бандликка жалб қилинган.

Иштирок ва фуқаролик ҳуқуқлари

2018 йилда барча янги туғилган чақалоқларни рўйхатга олишни таъминлайдиган тузатишлар киритилди. Ўтган йилдан бошлаб ота-оналар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани бепул олишлари мумкин бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 100 фоизи рўйхатга олинган.

2019 йилда ўсмирларга ўз фикрини билдириш ва сиёсий қарорларга таъсир ўтказиш имконини берувчи Ёшлар парламенти ташкил этилди.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Ўзбекистонда эркин фикр билдириш мавзусида болалар ўртасида ўтказилган сўровнома.

Соҳада нималар такомиллаштирилиши зарур?

2020 йилда қабул қилинган «Фуқаролик тўғрисида»ги қонун кўплаб фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўлақонли фуқаролик олиш имконини берди. Бироқ тизимли ёндашув ва ишончли маълумотларнинг йўқлиги туфайли баъзи фуқаролиги бўлмаган болалар ва қочқинлар ҳуқуқий мақом олишда қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Фарзандликка олиш сирини ҳимоя қилувчи қонунчилик болаларга биологик ота-оналари ҳақида маълумот олишга тўсқинлик қилади, бу эса уларда ҳиссий ва руҳий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Итоаткорликка йўналтирилган маданий меъёрлар, айниқса, маҳаллий даражада болалар ва ўсмирларнинг фаол иштирокига тўсқинлик қилмоқда.

Айниқса қишлоқ жойлардаги қизлар ва болалар ўртасида АКТдан фойдаланишда тенгсизлик сақланиб қолмоқда, бу эса рақамли фарқни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар зарурлигини кўрсатади.

Камбағаллик ва муносиб турмуш даражаси

2022 йилда Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясининг қабул қилиниши муҳим ютуқ бўлди. Стратегия соҳадаги устувор йўналишларни белгилаб берди. Ижтимоий ёрдам дастурлари билан барча эҳтиёжманд оилалар ва шахсларни қамраб олиш, ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, аҳолига бевосита маҳалла даражасида ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиётини жорий этиш ва бошқалар шулар жумласидан.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри 2023 йилда 336 минг кам таъминланган оилани қамраб олди.

Болалар камбағаллиги сезиларли даражада — 2021 йилдаги 21,5 фоиздан 2023 йилда 13,7 фоизгача тушди. Камбағалликда яшаётган болалар сони 860 мингга камайди.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Ўзбекистон ҳудудлари бўйича болалар камбағаллиги даражаси.

Соҳада нималар такомиллаштирилиши зарур?

Шунга қарамай, тизим ҳали ҳам бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Шикоятларни кўриб чиқишнинг махсус механизми мавжуд эмаслиги ва бюджет имкониятларининг чекланганлиги ижтимоий ҳимоянинг кенгайишини секинлаштирмоқда.

Бу болалар нафақалари мисолида яққол кўзга ташланади. 2023 йилда ҳукумат ижтимоий ҳимоя учун 19,2 триллион сўм (умумий бюджетнинг 6,8 фоизи) ажратган. Шундан 12,3 триллион сўми болалар нафақаси ва моддий ёрдамга йўналтирилган. Шунга қарамай, 2024 йилнинг биринчи чорагида болалар нафақасини олувчи болалар сони 4,8 миллиондан 3,1 миллионгача қисқарди.

Ижтимоий ҳимоя тизими инқирозларга етарлича тайёр эмас. Стандарт операцион жараёнларнинг йўқлиги коронавирус пандемияси даврида ёрдам кўрсатишнинг кечикишига олиб келди, бу эса фавқулодда вазиятларда чора-тадбирларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Камбағаллик ва асосий хизматлардан фойдаланишда, айниқса, қишлоқ жойларда, ҳудудлараро фарқлар сақланиб қолмоқда. Масалан, уй хўжаликларининг 26 фоизи ва мактабларнинг 13 фоизи етарли даражада сув таъминотига эга эмас. Қишлоқ мактабларининг атиги 71 фоизи, айни пайтда шаҳар мактабларининг 83 фоизи асосий сув хизматларига эга.

бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, болалар омбудсмани, ўсмирлар, юнисеф, unicef

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Секторлараро масалалар

Ёшларнинг олий таълим олиш имконияти кенгайди: олий таълим муассасалари сони 2019 йилдаги 108 тадан 2022 йилда 199 тага етди. Натижада олий таълим билан қамров 2019 йилдаги 20 фоиздан 2021 йилда 28 фоизга кўтарилди.

Мамлакат 2021 йилда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди ва Миллий ҳаракатлар режасини қабул қилди. Бу ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва интеграциясини яхшилашга бўлган интилишдан далолат беради.

Иқлим масалалари бўйича таълим мактаб дастурига киритилди, бу болаларнинг барқарор ривожланиш соҳасидаги билимларини оширишга хизмат қилади.

Соҳада нималар такомиллаштирилиши зарур?

Ўсмир қизларга таъсир кўрсатадиган гендер тенгсизлиги таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларига тўсқинлик қилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 142,3 минг нафар 18 ёшгача бўлган бола ногиронликка эга. Бироқ эрта аниқлаш тизимларининг номукаммаллиги ва маданий стигма туфайли маълумотлар камайтириб кўрсатилганлиги эҳтимоли юқори. Бу эса ногиронлиги бўлган кўплаб болалар зарур ёрдамдан маҳрум эканлигини англатади ва уларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва инклюзивлик ҳуқуқларини чеклайди.

Ушбу соҳадаги сиёсатнинг тарқоқлиги ҳамда эрта аниқлаш ва аралашув тизимининг заиф эканлиги туфайли болаларни эрта ёшда ривожлантиришнинг комплекс дастурлари мавжуд эмас.

Ўзбекистонда болалар орасида нафас олиш аъзолари касалликларининг кўпайиши ҳаво ифлосланишининг юқори даражаси билан боғлиқ.

Иқлим ўзгариши — айниқса, ҳароратнинг кўтарилиши ва сув танқислиги туфайли — болалар учун катта хавф туғдирмоқда. Мамлакатда болаларнинг 91 фоизи аномал иссиқ ҳаво даврлари таъсиридан азият чекмоқда.

Тавсиялар

Ҳисобот Ўзбекистонда болалар ва ўсмирларнинг ҳуқуқларини яхшилаш ва ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бешта асосий йўналиш бўйича тавсияларни ўз ичига олади:

Соғлиқ ва фаровонликка бўлган ҳуқуқларни тўлиқ амалга ошириш учун овқатланиш ва тиббий хизматлардан фойдаланишни яхшилаш, кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш зарур. Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, соғлиқни сақлашга давлат харажатларини кўпайтириш ва репродуктив саломатликка эътибор қаратган ҳолда ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш стратегиясини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Маҳаллий ташкилотлар ва диний муассасалар воситасида эркаклар ва аёлларнинг саломатлик борасидаги билимларини кенгайтириш лозим.

Таълим, дам олиш ва маданиятга бўлган ҳуқуқларни самарали амалга ошириш учун таълим инфратузилмасини модернизация қилиш, жумладан, янги мактаблар қуриш ва мавжудларини қайта таъмирлашга катта инвестиция сарфлаш талаб этилади. Умумтаълим муассасаларини иситиш, ёритиш ва сув таъминоти тизимлари билан жиҳозлаш; ногиронлиги бўлган болаларнинг ўзлаштиришини яхшилаш мақсадида инклюзив таълимга инвестициялар ҳажмини ошириш муҳим. Бу аниқ стандартларни жорий этиш ва ўқитувчиларни тайёрлашни ўз ичига олади. Бундан ташқари, айниқса, хизмат кўрсатиш даражаси паст ҳудудларда сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш лозим. Таълим жараёнида ўқитувчилик касбининг ўрни ва аҳамиятини қайта кўриб чиқиш зарур: ишлаш учун рағбат, айниқса АКТ ва STEM йўналишларида малака ошириш имкониятларини яратиш керак.

Оилавий муҳитга эга бўлиш ҳамда зўравонлик ва зарарли одатлардан ҳимояланиш ҳуқуқларини самарали амалга ошириш учун «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун имзоланиб, кучга киргач, унинг талаблари бажарилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ижтимоий хизмат ходимларига инвестиция киритиш, одил судлов тизимини болалар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, салбий ижтимоий меъёрлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш зарур.

Фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш шароитларини яхшилаш учун Бола ҳуқуқлари қўмитасининг маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш бўйича 2020 йилдаги «Фуқаролик тўғрисида»ги қонунга мувофиқ тавсияларини бажариш, шунингдек, қочқинлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мақоми тўғрисидаги халқаро конвенцияларни ратификация қилиш лозим. Болаларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш зарур. Бундан ташқари, давлат органлари ҳамда болалар ва ўсмирлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун платформалар яратиш, ўқувчиларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва рақамли муҳитда болаларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида мактабларда ўқувчилар кенгашларини ташкил этиш зарур.

Болалар камбағаллиги муаммосини ҳал этиш ва муносиб турмуш даражасини таъминлаш учун комплекс ёндашув талаб этилади. Бу кам таъминланган оилаларга бериладиган болалар нафақалари қамровини кенгайтириш ва заиф гуруҳлар, айниқса, ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзив ижтимоий ёрдам дастурларини яратишни назарда тутади. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари каби ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар юқори бўлган ҳудудлар учун стратегиялар ишлаб чиқиш ҳамда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш ва рад этилган аризалар устидан шикоят қилиш механизмларини яратиш учун стандарт операцион тартиб-таомилларни жорий этиш зарур.