Сурхондарё вилояти Денов туманида 17 ёшли қиз 8-қаватдан йиқилиб, вафот этди. Бу ҳақда «Замон» дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 29 октябрь куни соат 21:00 атрофида содир бўлган. 2007 йилда туғилган қиз олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.
«Бирдан бақир-чақир овозлари эшитилди, профилактика инспектори билан воқеа жойига борганимизда нохуш ҳолатнинг гувоҳи бўлдик. Марҳумa оиланинг катта фарзанди бўлган, унинг уч укаси бор», — деб таъкидлади маҳалла раиси Маҳмуд Эшонқулов.
Таъкидланишича, қиз тумандаги 82-мактабда 11-Б синфида таҳсил олган. Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар марҳума намунали хулқ-атворга эга бўлгани ва аъло баҳоларга ўқиганини маълум қилган.
«Дарсга ўз вақтида келарди, ўзлаштириши ҳам ҳам яхши бўлган. Синфдошлари билан зиддиятга бормаган. Яқинда тест олгандик, мен 5 баҳога топширдим, дея хурсанд бўлганди», — деб таъкидлади мактаб директори ўринбосари Шерали Қаршиев.
Ҳолат содир бўлишидан олдин қизнинг оиласида ҳам ҳеч қандай жанжал ва зиддиятлар юзага келмаган. Маҳалла раиси оила намунали оилалар қаторида бўлганини қайд этган, дейилади хабарда.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Содир бўлган ҳолатнинг сабаблари аниқланмоқда.