Марказий сайлов комиссиясининг 31 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида 27 октябрь куни ўтказилган сайловда сайланган 150 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари рўйхатга олинди. Депутатларнинг 75 нафари бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари партия рўйхатлари бўйича ягона сайлов округидан сайланди (сайлов биринчи марта аралаш тизимда ўтказилди).

Қонунчилик палатаси

Аввал хабар қилинганидек, ягона сайлов округи бўйича парламент қуйи палатасига ўтди:

  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан — 26 депутат;
  • «Миллий тикланиш» демократик партиясидан — 14;
  • Халқ демократик партиясидан — 13;
  • «Адолат» социал-демократик партиясидан — 12;
  • Экологик партиядан — 10.

Бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатасига сайланди:

  • ЎзЛиДеПдан — 38 депутат;
  • «Миллий тикланиш»дан — 15;
  • «Адолат»дан — 9;
  • ЎзХДПдан — 7;
  • Экопартиядан — 6.

Шу тариқа барча 150 депутат ичида партияларда шунчадан ўрин бор:

  • ЎзЛиДеП — 64 депутат (42,7%);
  • «Миллий тикланиш» — 29 (19,3%);
  • «Адолат» — 21 (14%);
  • ЎзХДП — 20 (13,3%);
  • Экологик партия — 16 (10,7%).

«Сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланди», — дейилади МСК хабарида.

Сайланган депутатларнинг 38 фоизини аёллар ташкил этди ва бу Ўзбекистон тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди.

Ёши бўйича депутатларнинг 2 нафари 30 ёшдан кичик, 38,6 фоизи — 30 дан 45 ёшгача, 46,6 фоизи — 45 дан 60 ёшгача, 13,3 фоизи — 60 ёшдан ошганлар.

Депутатларнинг 12,7 фоизи мамлакатда истиқомат қилувчи бошқа миллат вакиллари: 5 нафар рус, 3 нафардан қозоқ ва тожик, 2 нафар корейс, 1 нафардан туркман ва қирғиз.

Депутатларнинг барчаси олий маълумотга эга бўлиб, уларнинг 15 фоизи хорижий мамлакатларда таҳсил олган. Уларнинг 30 фоизи иқтисодчи, 22 фоизи — ҳуқуқшунос, 18,7 фоизи — педагог, 12 фоизи — муҳандис, 9,3 фоизи — тиббиёт соҳаси вакиллари, 8 фоизи — маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар.

Депутатларнинг 35 фоизи илмий даражага эга.

Илк бор 3 нафар ногиронлиги бор шахс депутат этиб сайланди.

Маҳаллий кенгашлар

Ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан ҳам маҳаллий кенгашлар сайловларининг якунлари чиқарилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳри ва туман-шаҳарлар кенгашларига сайлов натижаларига кўра, маҳаллий кенгашлар таркиби 59,2 фоизга янгиланди.

Янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизини аёллар ташкил этади.

Депутатларнинг 4 фоизи — 30 ёшгача, 39,5 фоизи — 30 ёшдан 45 ёшгача, 40,8 фоизи — 45 ёшдан 60 ёшгача, 15,7 фоизи — 60 ёшдан катталарни ташкил этади.

Номзодларнинг 11,2 фоизи бошқа миллат вакиллари: 175 нафар тожик, 111 нафар қозоқ, 33 нафар туркман, 29 нафар рус, 21 нафар қирғиз ва бошқа миллат вакиллари.

Депутатларнинг 93,3 фоизи олий маълумотли бўлиб, уларнинг 36,2 фоизи — педагоглар, 18,2 фоизи — иқтисодчилар, 13 фоизи — муҳандислар, 7,6 фоизи — шифокорлар, 5 фоизи — ҳуқуқшунослар, 20 фоизи — маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар.

Номзодларнинг 4,4 фоизи илмий даражага эга (амалда — 2,9 фоиз).

138 нафар ногиронлиги бор шахс маҳаллий кенгашлар депутати этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, сайловда умумий сайловчиларнинг 74,72 фоизи ёки 19,9 миллиондан ортиқ сайловчилардан 15,027 миллион нафари овоз берди.

«Газета.уз» парламент қуйи палатасига сайланган депутатлар кимлар экани ҳақида кейинроқ маълумот беради.