Сўнгги йилларда туризм соҳаси фаол равишда ўзгармоқда. Пандемия билан боғлиқ карантин чекловлари, унинг ортидан меҳмонхоналар ва авиачипталар нархининг ўсиши саёҳатни тобора қиммат кўнгилхушликка айлантиряпти. Бу парадоксал тарзда бутун дунё бўйлаб сайёҳлар сонининг ортиши ва «меъёридан ортиқ туризм» билан уйғунлашмоқда: Бутунжаҳон туризм ва саёҳатлар кенгашининг прогнозига кўра, 2024 йилда дунёнинг аксарият мамлакатларига рекорд даражада кўп сайёҳ ташриф буюради. Туризмнинг ўзи эса глобал иқтисодиётда энг тез ўсаётган тармоқ бўлиб турибди.

Пандемиядан кейинги даврда соҳанинг бундай тез ўсишини мутахассислар қисман одамлар изоляция пайтида бой берилган имкониятларнинг ўрнини қоплашга интилаётгани билан изоҳлаяпти. Бу ҳодиса ҳатто «бадал туризм» деб ном олди.

Ушбу тенденция туристларнинг саёҳатномаларда кўрсатилган машҳур жойлардан қочишига, мавсумдан ташқари вақтларда саёҳат қилишига ҳамда оломонсиз ва навбатларсиз ноёб тажрибага эга бўлиш учун машҳур шаҳарларнинг муқобилини излашига олиб келмоқда. Шу билан бирга, ҳаётнинг жадал суръати, кўп миқдордаги ахборот, гаджетлар ва ижтимоий тармоқлар алоқа воситалари бўлмаган жойларга бориш истагини уйғотмоқда. Одамлар шунчаки диққатга сазовор жойларга экскурсия учун навбатда туришни эмас, балки саёҳат давомида маҳаллий аҳолининг табиати ва маданияти билан танишишни хоҳлаяпти.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Дилявер Аблякимов / «Газета.uz».

2024 йил февраль ойида «Яндекс» фойдаланувчилари «энг яқин қўриқхона»ни излаб 5000 та сўров юборган. Бу ўтган йилга нисбатан 44 фоиз кўп. Экотуризм соҳаси ҳам ўсиб боряпти. 2023 йилда Россияда федерал аҳамиятга эга бўлган алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга (МЭТҲ) 14,5 млн киши келган. Бу 2022 йилга нисбатан 500 минг нафарга кўп. БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) маълумотларига кўра, 2023−2028 йилларда экотуризм бозорининг ўртача йиллик ялпи ўсиш суръати 16,1 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Экотуризм бўйича янги ривожланаётган йўналишлардан бири, бу — Ўзбекистон. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонга 4,2 млн хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг оқими 2023 йилга нисбатан 15,3 фоизга ошган.

Ҳудудларни ободонлаштириш, бошқариш ва стратегик ривожлантиришга ихтисослашган Atlas халқаро консалтинг компанияси ўз тадқиқотида экотуризмнинг ҳақиқатда экологик тоза ва масъулиятли бўлиши мумкин ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида экотуризм тушунчасини таҳлил қилади, эколокацияларни ташкил этиш тенденциялари ва жаҳон тажрибасини ўрганади, Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳиятини тадқиқ этади.

Экотуризм нима?

Экотуризм қатъий табиат қўйнига саёҳат қилишни назарда тутади. Бундай тажрибадан асосий мақсад — табиатдан баҳра олиш.

Халқаро экотуризм жамияти — The International Ecoturism Society (TIES) бутун дунё бўйлаб экотуризмни тарғиб қилиш билан шуғулланувчи ташкилот бўлиб, унинг таърифига кўра, экотуризм — бу «табиат қўйнига масъулиятли саёҳат бўлиб, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, маҳаллий аҳолининг фаровонлигини қўллаб-қувватлаш ва янги тажрибаларни ўрганишни ўз ичига олади».

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Чорвоқ сув омбори қирғоғидаги ахлат уюми. Фото: Евгения Мўминова.

TIES тамойилларига кўра, қуйидаги ҳолларда саёҳатлар экотуризм ҳисобланади:

  • белгиланган жойда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида инсоннинг ҳудудга таъсири кузатиб борилади ва ташриф буюрувчилар оқими бошқарилади;
  • яратилган инфратузилма табиатга минимал таъсир кўрсатади;
  • жойларнинг эгалари «яшил» стандартлар ва технологияларни жорий этади;
  • тадбирлар маҳаллий аҳолининг анъанавий маданиятини сақлаш ва қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Бундан келиб чиқадики, экотуризм табиий ва маданий муҳитни сақлаб қолади, сайёҳлар учун маърифий аҳамиятга эга ва маҳаллий аҳоли учун иқтисодий жиҳатдан фойдали. Бироқ буларнинг барчаси ташкилотларнинг турли барқарор ривожланиш дастурлари ва миссияларида мустаҳкамланган тамойиллардир. Ушбу тамойиллар амалда қандай татбиқ этилишини кўриб чиқамиз.

Экотуризмни барқарор ривожлантириш — афсонами ё ҳақиқат?

Экотуризмни барқарор ривожлантириш, муайян қийинчиликлар билан бўлса-да, реал воқеликдир. Бу соҳадаги муваффақият иқтисодий, экологик ва ижтимоий барқарорлик ўртасидаги тўғри мувозанатга боғлиқ.

Иқтисодий барқарорлик маҳаллий жамоаларни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади: экотуризм иш ўринларини яратиш ва маҳаллий жамоаларнинг даромадларини ошириш орқали иқтисодиётни рағбатлантириши мумкин, айниқса чекка ва қишлоқ жойларда. Масалан, МДҲ давлатларида БМТТД кўмагида қишлоқ хўжалиги деҳқон ва фермерлари, ижтимоий соҳа ходимлари, таълим муассасалари, музейлар, табиий қўриқхоналар вакиллари алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга экологик экскурсияларни тайёрлаш ва ташкил этиш хусусиятлари бўйича ўқитилмоқда.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: БМТТД Беларусь.

Экологик барқарорлик. Қатъий тартибга солиш ва режалаштириш ёрдамида инсоннинг табиий ҳудудларга салбий таъсирини минималлаштиришнинг имкони бор. Жумладан, қисман экотуризм ҳисобидан молиялаштириладиган экологик тоза технологияларни жорий этиш орқали. Масалан, айрим алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда оқова сувларни назорат қилиш учун датчиклар ўрнатилади.

Ижтимоий барқарорлик. Экотуризм нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли, жумладан, болалар орасида ҳам экологик масъулиятли хулқ-атворни шакллантириш ва тарбиялашга ёрдам бериши мумкин. Мисол учун, БМТ саёҳатларга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш мақсадида «Инсон ва биосфера» таълим дастурини ишлаб чиқди. Дастур бутун дунё бўйлаб 25 та қўриқхонада, шу жумладан, Қозоғистоннинг иккита — Олмаота ва Ғарбий Олтой биосфера қўриқхоналарида ҳамда Россиянинг «Кологрив ўрмони» қўриқхонасида амал қилмоқда. Яна бир мисол — Австралияда маҳаллий аҳолини экотуризм соҳасида иш билан таъминлашга кўмаклашадиган иккита давлат агентлиги фаолият юритади. Бу эса фақат 2018 йилнинг ўзида экотуризм соҳасида 23 минг иш ўрни яратиш имконини берди.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Чақириқлар ва рискларни ҳисобга олиш. Тўғри бошқарилмаса, туристик ҳудудлар меъёридан ортиқча гавжумлик муаммосига дуч келиши мумкин. Бунга мисол қилиб Австриядаги хушманзара кўл бўйида жойлашган Халльштатт қишлоғини келтириш мумкин. Қишлоқда 800 киши истиқомат қилишига қарамай, туристик мавсум авжида гўзал манзараларни кўришга бу ерга ҳар куни 10 минг сайёҳ келади. Маҳаллий аҳоли бу оқимни тўхтатиш учун тоғлар ва кўл манзараси фонида қўлбола тўсиқлар қура бошлаган.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Халльштатт. Фото: Instagram.

Баъзан туризмга қарамлик ҳолати ҳам юзага келади, бу эса сиёсий можаролар ёки табиий шароитларнинг ўзгариши каби омиллар туфайли иқтисодиётни заифлаштириши мумкин. Кўп сайёҳлар ҳозирнинг ўзидаёқ coolcations — Европанинг салқин шимолий минтақаларида дам олишни маъқул кўрмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Греция каби жанубий мамлакатлар иқтисодиётини хавф остига қўяди.

Бироқ жаҳон амалиётида экотуризмни барқарор ривожлантириш ўз мевасини берган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Жаҳон амалиёти ва муваффақиятли мисоллар

Atlas компанияси дунё бўйлаб экотуризм бўйича махсус тадқиқот ўтказди. Жамоа экотуризмни ривожлантиришнинг тўртта асосий таркибий қисмини ажратиб кўрсатди: табиат, маҳаллий жамоалар, экологик барқарорлик ва экологик маърифат. Булар комплекс ёндашув шароитида меъёридан ортиқча туризмнинг олдини олиш имконини беради. Бу тўрт омилга табиий ҳудудларнинг бошқарув моделлари ва экологик маърифат амалиёти энг кўп таъсир кўрсатади.

Бошқарув моделлари

Биз ўз тадқиқотимизда табиий ҳудудлар бошқаруви бўйича иккита асосий ёндашувни ажратиб кўрсатдик: марказлашмаган ва марказлашган. Ушбу моделларнинг ҳар бири давлат, давлат жамғармалари ва миллий боғларнинг бошқарув органлари, хусусий бизнес, жамоат ташкилотлари, маҳаллий аҳолининг ўзаро ҳамкорлиги орқали амалга оширилади.

Марказлашмаган моделига кўра, ҳар бир миллий боғнинг ўз бошқаруви мавжуд бўлиб, у ҳудудни мустақил равишда бошқаради, маҳаллий бизнес, ҳокимият органлари ва маҳаллий аҳоли билан ҳамкорлик қилади. Бунда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар раҳбарияти давлатга бўйсунади. Бундай ёндашув МДҲ мамлакатлари, хусусан, Россия ва Қозоғистон, шунингдек, Европа мамлакатлари учун хос.

Масалан, Норвегияда ҳар бир миллий боғнинг ўз маъмурияти мавжуд, у боғни бошқариш ва ривожлантиришга масъул. Барча маъмуриятлар Норвегия табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси назорати остида фаолият юритади.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Дилявер Аблякимов / «Газета.uz».

МДҲ давлатларида, масалан, Қозоғистонда эса бу модель бошқачароқ ишлайди. У ерда юқори даражада режалаштириш — Қозоғистоннинг 2023−2029 йилларга мўлжалланган туризм соҳасини ривожлантириш концепцияси мавжуд. Унда экотуризм бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган:

  • экотуризм субъектларини ихтиёрий сертификатлашни жорий этиш;
  • сертификатланган меҳмон уйлари реестри ва онлайн брон (банд) қилиш платформасини яратиш;
  • барқарор ривожланиш шакллари ва стандартларини ишлаб чиқиш.

Ушбу чора-тадбирлар натижаларини баҳолаш учун концепцияга 2029 йилда эришилиши кутилаётган мақсадли кўрсаткичлар ва натижалар киритилган: туризм соҳасида ялпи қўшилган қиймат (ЯҚҚ) ҳажмини 6,3 трлн тенгега, туризм соҳасида бандликни эса 800 минг кишига етказиш, яшаш ва овқатланиш хизматларига инвестициялар ҳажмини 260 млрд тенгега ошириш.

Буларнинг барчаси норматив-ҳуқуқий база — алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш кодекси ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонун билан мустаҳкамланган. Шунингдек, БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида Қозоғистонда экотуризм стандарти ишлаб чиқилган (лекин ҳали жорий этилгани йўқ). Бундай комплекс ёндашув Қозоғистонга минтақада экотуризмни ривожлантириш бўйича етакчига айланиш имконини бериши мумкин.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Дилявер Аблякимов / «Газета.uz».

Марказий Осиёдан яна бир мисол — Ўзбекистон. Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб норматив-ҳуқуқий база давлат даражасида янгиланмоқда, кириш визаларини соддалаштириш ва туризм соҳаси учун солиқ имтиёзларини жорий этиш бўйича ташаббуслар амалга оширилмоқда. Пандемия даврида соҳа жиддий зарар кўрди, бу эса соҳада ривожланишнинг секинлашувига олиб келди. Бироқ бугунга келиб туризм тикланяпти ва 2024 йилда сайёҳлар оқими пандемиядан олдинги даражага қайтиши кутилмоқда.

Бошқарувнинг марказлашган модели алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва миллий боғлар учун давлат даражасида ягона бошқарув компаниясини ташкил этишни назарда тутади. Бундай ташкилотлар боғларнинг ривожланиш бўйича мувофиқлаштирилган қарорлар қабул қилинадиган ягона тизимини ишлаб чиқади. Ташкилот боғлардаги барча манфаатдор томонлар: бизнес, маҳаллий жамоалар, жамоат ташкилотларининг хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштиради. Бундай тузилмалар экотуризм соҳасида етакчи бўлган Канада, АҚШ ва Австралия каби мамлакатларда мавжуд.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

АҚШнинг Йеллоустон миллий боғи. Фото: Instagram.

Бироқ модел назарияда қандай бўлишидан қатъи назар, экотуризмни бошқаришда шаклланган амалиёт муҳим аҳамиятга эга, дея таъкидлайди Atlas компанияси лойиҳа раҳбари Дарья Коваленко.

«Россияда экотуризмни ривожлантириш мақсадлари „Экология“ миллий лойиҳаси доирасидаги федерал дастур томонидан белгиланади. Асосий кўрсаткичлар — алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар сони ва майдонини кўпайиштириш, шунингдек, 2024 йил охирига келиб ташриф буюрувчилар сонини йилига салкам 8 млн кишигача ошириш. Лекин буни жойларда қандай амалга ошириш мумкин? Туристларни жалб қилиш ва табиатни асраш ўртасидаги мувозанатни қандай сақлаш мумкин? Стратегик ташаббуслар агентлиги томонидан кичик бизнесни ривожлантириш ва глемпинглар қуриш бўйича кўплаб услубий тавсиялар ишлаб чиқилган, бироқ бу тадқиқот иши, барча тавсияларни жойларда жорий этиш учун эса воситалар зарур. Энг асосийси, экологик маърифат ва „юмшоқ“ амалиётлар эътибордан четда қолмоқда, чунки табиат — бу фақат бизнес эмас. Экотуризм барқарор бўлиши ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаши учун табиатни ижтимоий воситалар ёрдамида асраш муҳим аҳамиятга эга».

Экологик маърифат ва оммалаштириш амалиёти

Кўпчилик одамлар табиат қўйнида ўзини тўғри тутишни билмайди, лекин табиий жойларга саёҳатдан баҳаманд бўлишни жуда хоҳлайди. Бундай ҳолда йўриқномалар, услубий қўлланмалар, барча керакли маълумотлар бир жойда жамланган қулай платформалар керак бўлади. Булар ҳам офлайн, ҳам онлайн манбалар бўлиши мумкин.

Туристларга экологик таълим беришга Россиянинг қўриқхоналар, миллий боғлар ва буюртмахоналардаги экологик туризмга бағишланган «Қўриқхонага саёҳат» сайти мисол бўла олади. Сайтда фойдаланувчилар маршрутни танлаб, қўриқхона ҳудудига ташриф буюриш учун ариза топшириши мумкин.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Дилявер Аблякимов / «Газета.uz».

Яна бир мисол — Norges Nasjonalparker. Бу Норвегия миллий боғлари ҳақидаги манба бўлиб, у ерда экотуристлар ноёб маршрутлар ва ҳайкинг имкониятлари билан танишишлари мумкин. Лойиҳа хорижий сайёҳлар учун ҳам мўлжалланган.

Офлайн ахборот манбаи — туристик ҳудудга киришдаги ташриф марказларидир. Илгари бундай марказларнинг асосий вазифаси сайёҳларни дўконлар, кафелар, ахборот пештахталари ва гидларни брон қилиш каби хизматлар билан таъминлаш эди.

Замонавий ташриф марказлари тушунчаси барқарорликка йўналтирилмоқда. Ташриф марказлари ишига ёндашув ўзгармоқда. Эътибор таълим, қадриятлар талқини ва ташриф буюрувчилар тажрибасини фаоллаштиришга қаратилмоқда.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Йеллоустон миллий боғининг ташриф маркази. Расм: yellowstoneinseder.com.

Масалан, АҚШнинг машҳур Йеллоустоун табиат боғининг ташриф маркази меҳмонлар ҳали сўқмоққа қадам қўймасидан уларни табиат оламига шўнғитади. Ташриф буюрувчилар марказ ичида интерактив дисплейлар ва кўргазмали воситалар орқали боғнинг ноёб геологияси, жумладан, гейзерлар, вулқонлар ва бошқа геологик шаклланишларни ўрганишлари мумкин.

Экотуризмнинг замонавий тенденциялари

Экотуризм глобаллашувнинг жаҳон тенденцияларидан ажралган ҳолда эмас, балки улар билан бирга ривожланмоқда. Экотуризмда ҳозир энг долзарб бўлган учта асосий тенденция қуйидагилардир.

Экомаршрутлар бўйлаб сайрлар вақтида рақамли тажриба

Канада миллий боғларида чиқиндихоналардан олиниб, қайта ишланган пластикдан ясалган қизил стуллар кўринишидаги санъат объектлари ўрнатилган. Ғоя шундан иборатки, стуллар унчалик оммалашмаган жойларга ўрнатилади, бу эса сайёҳларни боғларнинг йўналишларини тўлиқ ўрганишга ундайди. Бу жойларга етиб борганлар суратга тушиб, уни ижтимоий тармоқларда улашади ва бошқаларни ҳам шу жойга келишга рағбатлантиради.

Канаданинг Маунт-Ревелсток миллий боғида сайёҳлар геокешинг — яширин жойларни қидириш ўйинини ўйнайди. Боғда маъмурият розилиги билан ва жониворларга зарар етказмаслик шарти билан саккизта яширин жой ташкил этилган. Ташриф буюрувчиларнинг вазифаси — барча яширин жойларни топиш.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Канаданинг Куасуиттук миллий боғи. Расм: Paul Gierszewski / Википедия.

Бироқ айрим миллий боғлар янада илғорлашиб, маршрутлар бўйлаб виртуал саёҳатларни ишлаб чиққан. Масалан, My Africa — a VR Experience лойиҳаси Кениядаги филлар қўриқхонасига дунёнинг исталган нуқтасидан «ташриф буюриш» имкониятини таклиф этади. Қозоғистонда эса виртуал саёҳатлар мамлакатнинг бешта алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудида — Ғарбий Олтой қўриқхонаси, Қатонқарағай, Сайрам-Угом ва Тарбағатой миллий боғларида, шунингдек, «Кўлсой кўллари» миллий боғида жорий этилган.

Маҳаллий аҳоли — табиий ҳудудларга йўлбошловчи

Экотуризм ҳудудларида маҳаллий жамоалар нафақат бизнес билан шуғулланади, балки ўз маданияти, анъаналари билан бўлишиш ва табиат қадриятлари ҳақида ҳикоя қилишда фаол иштирок этади. Маҳаллий аҳолини жалб қилиш дастурлари кўплаб миллий боғларда мавжуд.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Сентоб этноқишлоғи, Навоий вилояти. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Қозоғистондаги «Кўлсой кўллари» миллий боғидаги Сати қишлоғи бунга мисол бўла олади. Бу ерда мунтазам равишда аҳолини ўқитиш, уларни яқин атрофдаги алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда туризмни ташкил этишга жалб қилиш, маҳаллий аҳоли хонадонларида янги меҳмон уйларини ташкил этиш ишлари олиб бориляпти. Ҳозирда Сати битта қишлоқдаги меҳмон уйлари сони бўйича етакчи ҳисобланади (90 та меҳмон уйи ва 30 та меҳмонхона). 2023 йилда БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Сати қишлоғини энг яхши туризм қишлоғи деб тан олган.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Малий Туриш қишлоғи. Фото: Instagram.

Россияда ҳам шунга ўхшаш мисол бор — Уралдаги Малий Туриш қишлоғи. Бу ерда доимий атиги 84 киши яшайди. Маҳаллий аёллардан бири Гўзал Санжапова ўзи қўлда тиккан бўйинбоғларни ижтимоий тармоқларда тарғиб қила бошлаган. Вақт ўтиши билан бу фаолият йилига 33 млн рубллик айланма капиталга эга ишлаб чиқаришга айланган. Ҳозир қишлоқда сайёҳлар тунаб қолишига мўлжалланган Таълим маркази қурилмоқда. Гўзалнинг ўзи Forbes Women Mercury Awards мукофоти ғолиблари учлигига кирди. Сайёҳлар бу ерга нафақат бетакрор манзараларни, балки ноёб ишлаб чиқаришни кўришга ҳам келмоқда.

Жойлашиш эркинлиги

Экотуризм барча саёҳатчиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олади. Чодир билан узоқ жойларга боришни афзал кўрадиганлар учун Норвегияда алоҳида қонун — Allemannsretten қабул қилинган. Бу ҳаракатланиш эркинлиги тўғрисидаги қонун бўлиб, эҳтиёткорлик ва «из қолдирмаслик» қоидасига риоя қилиш шарти билан ҳатто миллий боғларда ҳам чодир ўрнатишга рухсат беради.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Искандер Мирзахмедов / «Газета.uz».

Бироқ ҳамма ҳам бундай камтарона ҳордиқ билан кифояланмайди. Соҳа ушбу талабга ҳам муносабат билдиряпти — эко-меҳмонхоналар, эко-лоджлар, глемпинглар ва жиҳозланган сайр йўналишлари тобора оммалашяпти. Қуйида 2022 йил ҳолатига кўра экотуризм соҳасининг айрим кўрсаткичлари келтирилган:

  • Бутун дунё бўйлаб саёҳатчиларнинг 81 фоизи экологик жиҳатдан тоза саёҳатлар улар учун муҳим эканини таъкидлайди, 50 фоизи эса иқлим ўзгариши ҳақидаги сўнгги хабарлар уларга таъсир қилгани ва улар онгли саёҳат қилишни танлай бошлаганини қайд этади;
  • 57 фоиз саёҳатчилар ўзлари тўхтаб ўтаётган жойда барқарор ривожланиш сертификати борлигини билса, бундан ўзини яхшироқ ҳис қилиши мумкинлигини айтган;
  • Дунё бўйлаб 100 мингдан ортиқ жойлашиш объектлари барқарор ривожланиш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари учун энди Booking.com сайтида Travel Sustainable белгиси билан белгиланган.

Талаб ўсиши билан бир вақтда таклифнинг ўсиши ҳам кузатилди. Масалан, экологик турар-жойга ихтисослашган глобал платформа — Ecobnb хизмати пайдо бўлди. Хизмат жуда тез ривожланяпти. Биргина 2018 йилнинг ўзида Ecobnbʼда бир миллиондан ортиқ янги фойдаланувчи пайдо бўлди.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Дилявер Аблякимов / «Газета.uz».

Халқаро экотуризм жамияти (TIES) таърифига кўра, эко-меҳмонхоналар учта компонентни ўз ичига олиши лозим:

  • табиий ва ижтимоий-маданий муҳитни сақлаш;
  • таълим компоненти (қадриятлар талқини);
  • маҳаллий аҳолига фойда келтириш.

Бу уч параметрнинг барчасига глемпинглар мос келади. Глемпинглар кемпинг тамойили бўйича ташкил этилган табиий ҳудудда сайёҳларни қулай жойлаштириш имконини беради. Grand View Research 2022 маълумотларига кўра, глобал глемпинг бозори ҳажми 2,73 млрд долларга баҳоланган. Прогноз қилинган ўртача йиллик ўсиш суръати 2030 йилгача 10,2 фоизни ташкил этади.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Ўзбекистонда глемпинг. Фото: Денис Соколов / Facebook.

Экотуризм тенденцияларига эргашадиган глемпингга мисол — Мўғулистондаги Three Camel Lodge. Бу ерда бир марталик пластик идишлардан воз кечилган, меҳмонхона ҳудудидаги иссиқхонада органик маҳсулотлар етиштирилади. Чиқиндиларни бошқариш бўйича махсус комплекс дастур ишлаб чиқилган: қоғоз, шиша ва тунука идишлар компостланади. Иссиқхоналарда органик ўғитлардан фойдаланилади. Ёритиш тизими деярли 100 фоиз қуёш батареяларида ишлайди.

Three Camel Lodge, шунингдек, Гоби чўлидаги тадқиқотлар учун база вазифасини ҳам ўтайди ва мунтазам равишда халқаро экспертларни қабул қилади. Анъанавий меъморчилик услубида маҳаллий материаллардан фойдаланган ҳолда уйчалар қурилган. Маҳсулотлар маҳаллий аҳоли, кичик корхоналар ва ҳунармандлардан сотиб олинади. Меҳмонхона мактаб таълим дастурларини молиявий қўллаб-қувватлайди (шу жумладан, етакчи мўғул палеонтологи шарафига стипендия дастури), кўчманчи чорвадорлар ҳайвонларини сув билан таъминлайди ва қишда ҳайвонлар учун озуқа беради.

Бошқа мисоллар ҳам бор. Масалан, Галапагос оролларидаги Pikaia Lodge меҳмонхонаси Санта-Крус ороли аҳолиси учун 60 та янги иш ўрни ташкил қилган. Меҳмонхона раҳбарияти 10 мингдан ортиқ дарахт экиш орқали ўрмонларни қайта тиклаш бўйича кенг кўламли лойиҳа бошлаган. Меҳмонхонада энергия ишлаб чиқариш ва истеъмоли, CО2 (карбонат ангидрид гази) ажралиб чиқиши кўрсаткичларини махсус веб-сайт орқали онлайн кузатиб бориш мумкин.

Ўзбекистонда экотуризм: ресурслар, инфратузилма, йўналишлар ва диққатга сазовор жойлар

Ўзбекистонда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг» давлат дастури доирасида ички туризмни ривожлантиришга устувор аҳамият бериляпти. 2026 йилга келиб маҳаллий сайёҳлар сонини 12 миллиондан ошиши, хорижлик сайёҳлар сони эса 9 миллионга етиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда туризмнинг асосий тури маданий-маърифий бўлиб қолмоқда. Бироқ мамлакатнинг бой диний меросини ҳисобга олган ҳолда, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ташаббуслар илгари сурилган. Шунингдек, ҳозирча аниқ тафсилотлар мавжуд бўлмаса-да, фаол туризмни (спорт ва экотуризм) ривожлантириш режалари ҳақида ҳам гапирилмоқда.

Йирик лойиҳалар қаторидан Зомин, Фориш ва Бахмал туманларида, шунингдек, Айдар-Арнасой кўллар тизимида янги туристик зоналар барпо этиш жой олган. 300 млн долларлик лойиҳалар доирасида 25 мингта иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Фото: Дилявер Аблякимов / «Газета.uz».

Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш дастурининг яна бир фарқи шундаки, бу ерда Қозоғистон ёки Россиядаги каби туристик макроҳудудлар ва кластерларни яратиш тенденцияси мавжуд эмас. Экотуризмни ривожлантириш дастурлари мамлакатнинг ҳар бир вилоятида амалга оширилмоқда.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида Мўйноқ янги аэропорти имкониятларидан фойдаланган ҳолда экологик ва зиёрат туризми лойиҳалари ишга туширилмоқда. Хоразм вилоятини туризм соҳасида иш ўринлари яратишнинг асосий «ҳаракатлантирувчи кучи»га айлантириш чоралари кўрилмоқда, Бухоро вилоятида эса туризмни жадал ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда.

Туризм соҳасида инновацияларни қўллаб-қувватлаш муҳим йўналишга айланмоқда. 2021 йилда ишга туширилган Tourism. Path to Innovation танлови стартапларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатнинг туризм салоҳиятини очиб беришга қаратилган. Шу билан бирга, БАА инвестиция компанияси кўмагида Тошкентда янги туризм академиясини очиш режалаштирилган.

Ўзбекистон экотуризмни қандай ривожлантириши мумкин?

Экотуризмни ривожлантириш ҳам табиий ҳудудлар салоҳиятини баҳолаш, ҳам стратегик режалаштиришни ўз ичига олган комплекс ёндашувни талаб этади. МДҲ давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда буни англаган ҳолда комплекс чоралар кўриляпти. Масалан, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд (МЭТҲ)лар майдони мамлакат умумий майдонининг 5,2 фоизидан 14 фоизигача кенгайтирилди. Бугунги кунда мамлакат МЭТҲ тизимига 8 та қўриқхона, 2 та биосфера қўриқхонаси, 3 та миллий боғ ва бошқа табиатни муҳофаза қилиш объектлари киради.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Сурхондарё вилояти. Фото: Искандер Мирзахмедов / «Газета.uz».

Шунга қарамай, мамлакатда экотуризм соҳаси ҳозирча салоҳиятни англаш ва баҳолаш босқичида. Atlas компанияси барқарор экотуризмни ривожлантириш соҳасидаги жаҳон амалиётини таҳлил қилиб, тўртта асосий босқични ажратиб кўрсатди. Ўзбекистонда ҳам экотуризм, катта эҳтимол билан, ушбу босқичлардан ўтади.

1. Табиий ҳудудларнинг салоҳиятини баҳолаш

Биринчи навбатда, биохилма-хиллик даражасини баҳолаш зарур. Бу ноёб флора ва фаунага, камёб турларга ёки муҳим экотизимларга эга бўлган жойлар сони билан ўлчанади. Бундай жойлар кўпроқ сайёҳларни жалб этиши мумкин.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Ёзёвон қумликлари, Фарғона водийси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Шунингдек, экотуристик йўналишларга киритилиши мумкин бўлган маданий ёки тарихий объектлар мавжудлигини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга (масалан, Ўзбекистондаги сингари анъанавий қишлоқлар, тарихий ёдгорликлар).

2. Устувор туристик лойиҳалар харитасини яратиш

Табиий ҳудудлар тўғрисида барча маълумотларни тўплаш, айни пайтда экологик, ижтимоий ва инфратузилмавий жиҳатларни ҳисобга олиш лозим. Устувор лойиҳаларни аниқлаш мезонларини белгилаб олиш ҳам муҳим, чунки барча ташаббусларни бир вақтнинг ўзида амалга ошириб бўлмайди.

Яна бир муҳим омил — туристик объектларни қуришда экологик чекловларни ҳисобга олиш. Ўтган йили Россияда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда қурилишни тартибга солишга қаратилган қонун кучга кирди, чунки экотуризмнинг ривожланиши шунчалик тезлашдики, бу муҳим экотизимларга хавф сола бошлади.

3. Манфаатдор томонларни жалб этиш

Томонларни жалб қилишга ёрқин мисол — шу йил ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Архангелск вилоятидаги Кенозерье миллий боғи. 1996 йили, боғ эндигина шакллана бошлаган вақтдан бери, унга Норвегиянинг бир нечта ташкилотлари, жумладан Riksantikvaren маданий меросни муҳофаза қилиш бошқармаси ёрдам бериб келган. Ҳамкорлик шартларидан бири шуки, боғни ташкил этиш ва маданий объектларни таъмирлаш бўйича барча ишларда маҳаллий аҳоли иштирок этиши шарт.

иқлим ўзгариши, иқтисодиёт, туризм, экология, экотуризм

Кенозерье миллий боғи. Фото: Instagram

Дарья Коваленконинг фикрича, бу босқичда бошқарувнинг икки даражасида ўзаро ҳамкорлик қилиш воситаларини ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

«Ўрта даражадаги ҳамкорлик воситаларини, биринчи навбатда, инвесторлар билан ишлаш ва экотуризм салоҳиятига эга ҳудудларни аниқлаш ҳақида ўйлаб кўриш муҳим. Шунингдек, маҳаллий даражадаги воситалар: жойларда кичик бизнес учун экотуризмни ривожлантириш учун, жамоалар билан ишлаш учун, инфратузилма, сўқмоқлар, йўл кўрсаткичларини ташкил этиш учун йўриқномалар ҳам зарур».

4. Доимий мониторинг ва мослаштириш

Қайта алоқа шунинг учун ҳам муҳимки, прогнозларга кўра, 2033 йилга келиб туризм соҳаси глобал ЯИМнинг 11,6 фоизини ташкил этади, бутун бошли тармоқ эса 2019 йилга нисбатан 50 фоизга ўсади. Демак, экотизимларга ва маҳаллий маданиятга таъсир фақат ортиб боради. 2030 йилга келиб туризм саноатида карбонат ангидрид гази чиқиндилари ҳам 2016 йилга нисбатан 25 фоизга ошади.

Ечимлар турлича бўлиши мумкин. Масалан, Хорватиянинг Дубровник шаҳрида сайёҳларни маданият ва табиатга онгли муносабатда бўлишга ундовчи реклама ишга туширилди, шаҳар ҳокимияти эса ғилдиракли чамадонларни тош йўлаклар бўйлаб олиб юришни тақиқлади. Барселонада сайёҳлар учун қисқа муддатли турар жой ижараси бутунлай тақиқланди.

Ҳозирча бу ёрдам бермаяпти. Дунё бўйлаб саёҳат статистикасини ўрганувчи Murmuration стартапи ҳисоб-китобларига кўра, сайёрамиздаги сайёҳларнинг аксарияти барча йўналишларнинг атиги ўндан бир қисмидан фойдаланмоқда. Бироқ ижобий жиҳатлар ҳам мавжуд: турар жой ижарасига ихтисослашган хизматлардан бири ўтказган сўровнома мижозларнинг ярмидан кўпи «оммалашмаган» йўналишларда саёҳат қилишга тайёр эканини аниқлади. Бундай вазиятда Ўзбекистон каби мамлакатлар дунёнинг энг гавжум ва «толиққан» ҳудудларидаги юкламани камайтириш билан бир вақтда, ўз ҳудудларида экотуризмни ривожлантириш имкониятига эга бўлиши мумкин.