31 октябрь куни Германия Қўшма Штатларда яшаган ва 2020 йилда Дубайда Эрон хавфсизлик кучлари томонидан олиб кетилган эронлик немис маҳбус Жамшид Шармаҳднинг қатл этилишига жавобан мамлакатдаги учала Эрон консуллигини ёпишга буйруқ берди. Бу ҳақда Handelsblatt хабар қилди.
69 ёшли Шармаҳд Эронда терроризмда айбланиб, душанба куни қатл этилган. Бу 2023 йилда Германия, АҚШ ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари сохта деб рад этган суд жараёнидан кейин содир бўлди.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок томонидан эълон қилинган қарорда Эроннинг Франкфурт, Гамбург ва Мюнхендаги консулликларини ёпиш тўғрисида сўз боради, эндиликда Ислом Республикасининг фақат Берлиндаги элчихонаси очиқ қолмоқда.
Теҳрон Шармаҳдни Эронда террористик ташкилот дея тан олинган «Тондар» мухолифатчи гуруҳининг етакчиси сифатида кўрган. У, шунингдек, 2008 йилда масжидга ҳужум уюштиришни режалаштирганликда айбланган, бунда 14 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши яраланган.
Маълумотларга кўра, кўрилган чоралар Эрон консуллигининг 32 нафар ходимига таъсир қилади, улар Германия фуқаролигига эга бўлмаса, яшаш ҳуқуқини йўқотади ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. Эроннинг Берлиндаги элчихонаси Германиядаги 300 минг эронликнинг консуллик ёрдами учун жавобгардир. Германия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик миссия ходимлари сони ҳақида маълумот бермаган.
Ҳозиргача Германия ҳукумати бундай чорани фақат бир марта қўллаган: мамлакат Россия Федерациясининг тўртта бош консулхонасини ёпган. Ҳозирда Германия Ташқи ишлар вазирлиги Эронга боришдан огоҳлантирмоқда ва Германия фуқароларига мамлакатни тарк этишни тавсия қилди.
Сешанба куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ишлари бўйича вакилини чақирган, шунингдек, Германиянинг Теҳрондаги элчисини маслаҳатлашувлар учун чақириб олишини маълум қилганди. Чоршанба куни германиялик дипломат Теҳронни тарк этди. Берлинга кўра, бундай қадамлар Шармаҳднинг қатл этилишига қарши норозилик белгиси сифатида қўйилган.