Октябрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон шаҳарларида, айниқса, пойтахт Тошкентда: «Иссиқлик таъминотига қачон старт берилади?», деган савол кун тартибига чиқди. Чунки бу йилги октябрда ҳаво ҳароратининг бир кўтарилиб, кейин кескин пасайиб кетиши марказлашган иссиқлик таъминотига уланган кўп қаватли бинолар, ижтимоий объектлар, айниқса, бетон-панел конструкциялардан қурилган иморатларда захликни ошириб юборди. Бу эса аҳоли орасида шамоллаш касалликларини кўпайтиряпти, мунтазам совқотишни келтириб чиқаряпти.

Умуман, бу йилги октябрь умумий ойлик ҳарорат нуқтаи назардан илиқроқ келди. Масалан, 20 октябрь куни кундузи ҳаво ҳарорати +30 даражагача кўтарилди. Аммо бундан уч кун аввал — 17 октябрь тонгида Тошкентда ҳаво ҳарорати қарийб 0 даражагача пасайган, ундан бир кун аввал эса ўртача суткалик ҳарорат Цельсий бўйича +8 даражани ташкил этган эди.

Айнан 16−17 октябрь ва 28−29 октябрдаги ўртача суткалик ҳаво ҳароратининг Цельсий бўйича +8 даражага яқин бўлиши пойтахт аҳолиси совуқни ҳис қилишига ва иссиқлик таъминотига старт берилиши зарурлиги билан боғлиқ талаблари ортишига сабаб бўлди. Буни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг 16 октябрь ва 28 октябрь кунлари иссиқлик таъминотига қачон старт берилишига доир тарқатган хабарлари остида қолдирилган изоҳлардан кўриб, билиш мумкин.

Ҳокимликнинг мос равишда Veolia Energy ва Марказий диспетчерлик хизматининг баёнотларига таяниб тарқатган ахборотида иситиш даври «ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати кетма-кет 5 кунлик даврда +8 даражадан паст бўлган пайтдан бошланиши» таъкидланган эди. Хўш, бу қоида ўзи қаердан келиб чиққан?

Совет давридан қолган қоида

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати таянган Veolia Energy ва Марказий диспетчерлик хизматининг баёнотларида асос сифатида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасинин 2014 йил 15 июлдаги «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги» 194-сон қарори 13-банди келтирилган. Унда, жумладан, шундай деб ёзилади:

«Хоналарни иситиш эҳтиёжлари учун иссиқлик энергиясини беришда Етказиб берувчи иситиш даврини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошлайди ва тамомлайди. Иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8⁰Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8⁰С юқори бўлганда эса тамомланиши керак».

Оддий қилиб айтганда, ҳаво ҳарорати кетма-кет 5 кун Цельсий бўйича ўртача 8 даража илиқдан паст бўлса, иситиш даври бошланиши керак. Бу совет давридан қолган қоида, хусусан, ЎзССР ҳукуматининг 1985 йил 30 сентябрдаги 497-сон қарори билан тасдиқланган Қоидаларнинг 32-бандида мустақил Ўзбекистоннинг 2014 йилги қарори билан тасдиқланган Қоидаларидаги каби гап ёзилган.

иссиқлик таъминоти, куз-қиш мавсуми, об-ҳаво, тошкент, эркин абдулаҳатов

Аслида бу қоида ўтган асрнинг 60−70 йилларида, фасллар бир-бирига ўз ўрнини маълум бир узвийликда бўшатган, ҳаво ҳарорати бугунгидек «карусель» мисоли ўйнаб кетмаган даврларда ишлаб чиқилган.

Бу қоидага ҳар доим ҳам амал қилинмайди

Эътиборга молик жиҳати шундаки, сўнгги йилларда Тошкент раҳбарлари ушбу қоидага ҳар доим ҳам бирдек амал қилмаган (МДҲнинг бошқа мамлакатларида шаҳарларда ҳам бу қоидага мунтазам амал қилинаётгани йўқ). Ҳаво ҳарорати (қуйидаги графикларда кўрсатилган) беш кун давомида +8 даража ёки ундан паст бўлмаган эрса-да, Тошкентда 2021 йили 14 октябрдан, 2022 йили 24 октябрдан ва 2023 йили 6 ноябрдан иситиш даври бошланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги нега бу йил таянаётган «олтин қоида»сига 2021, 2022 ва 2023 йилларда риоя этмаган ва иссиқлик таъминотини ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун +8 даражадан паст бўлмаса ҳам ёқиб юборган? Бунга турлича жавоб бериш мумкин, лекин ҳақиқатга энг яқини — ўшанда аҳоли эътирозларидан хулоса чиқарилган ва жамоатчилик фикри инобатга олинган бўлиши мумкин.

График «Тошкент-Обсерватория» таянч кузатув метеорология станцияси архив маълумотлари асосида тайёрландиГрафик «Тошкент-Обсерватория» таянч кузатув метеорология станцияси архив маълумотлари асосида тайёрланди

Қўшни мамлакатларда нима гап?

2024 йилда қўшни мамлакатларнинг Тошкентга яқин йирик шаҳарларида иссиқлик таъминоти қачон узатила бошлангани ва бунда совет давридан қолган «олтин қоида»га қанчалик амал қилинганини кўриб чиқсак.

Ўзбекистон пойтахтига энг яқин, иқлими ҳам Тошкентники билан деярли бир хил бўлган Чимкентда иссиқлик таъминоти узатилиши 21 октябрдан бошланди. Шу куни шаҳарда ўртача суткалик ҳаво ҳарорати Цельсий бўйиа +15 даража, 22 октябрда эса +12 даража илиқ бўлган. Фақат 23 октябрга келиб ўртача суткалик ҳаво ҳарорати +8 даражадан пасайган.

иссиқлик таъминоти, куз-қиш мавсуми, об-ҳаво, тошкент, эркин абдулаҳатов

Яъни, Чимкент масъуллари «олтин қоида»ни инобатга олмай, ҳаво ҳарорати +8 даражагача пасайишидан уч кун аввал аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларга иссиқлик етказишни бошлаган.

Қозоғистоннинг жанубий пойтахти Олмаотада иссиқлик таъминоти 7 октябрдан бошланди, ваҳоланки бундан аввалги беш кун давомида шаҳарда жуда юқори ҳарорат кузатилганди. Боз устига, иссқлик таъминоти бошланганидан кейинги беш кунда ҳам ўртача суткалик хаво ҳарорати Цельсий бўйича +12…+17 даража орасида «ўйнаган».

иссиқлик таъминоти, куз-қиш мавсуми, об-ҳаво, тошкент, эркин абдулаҳатов

Шу тариқа, Олмаота маъмурлари ҳам «+8 даража қоидаси»га умуман амал қилмай, ўртача суткалик ҳаво ҳарорати +17 даража илиқ бўлиб турган вақтда қарор чиқарган.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 15−19 октябрь кунлари ўртача суткалик ҳаво ҳарорати кетма-кет беш кун +8 даража ва ундан паст бўлганига қарамай, шу кунларда иссиқлик таъминоти ишга туширилмади. Фақат 22 октябрдан ижтимоий объектлар ва аҳоли хонадонларига иссиқлик берила бошланди. Ваҳоланки, 22−27 октябрь кунлари ҳаво ҳарорати бир кунга бўлса ҳам +8 даражадан пастламади.

иссиқлик таъминоти, куз-қиш мавсуми, об-ҳаво, тошкент, эркин абдулаҳатов

Шундай қилиб, Бишкекда совет давридан қолган «олтин қоида»га амал қилинди (афтидан, Тошкент раҳбарлари ҳам бишкеклик ҳамкасблари каби йўл тутса керак).

Нима қилмоқ керак?

Аксарият ривожланган мамлакатларда иссиқлик таъминотини бошлаш ва тугатиш ҳудуднинг иқлими, бу иқлимнинг, хусусан, аҳоли саломатлиги ва бино конструкцияларига таъсирига доир чуқур илмий-тадқиқотлар, аҳоли орасида ўтказилган сўровномалар асосида ишлаб чиқилган миллий стандартларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Иссиқлик таъминотини бошлашга доир стандартлар фақат ташқи муҳит ҳарорати қийматлари эмас, балки намлик, қуёш ёғдуси ва бошқа метеорологик параметрларни инобатга олиш орқали ҳисобланган биоиқлимий шароит маълумотларидан келиб чиқиб тайёрланиши лозим.

Биринчидан, иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг умумий кўтарилиши фонида одамларда иссиқроқ муҳитдан совуқ муҳитга мослашиб бориш тизими «ишдан чиқяпти». Бошқача айтганда, ҳозир ХХ асрнинг сўнгги йилларидаги каби ҳаво ҳароратининг кузда барқарор пасайиб бориш жараёни кузатилмаяпти; кузда ҳароратнинг «карусель» каби ўйнаб, узоқ муддатли иссиқ кунлар ортидан тўсатдан жуда паст ҳарорат кузатилиши одатий ҳолга айланмоқда.

Иккинчидан, ўтган асрда қурилган кўп қаватли аксарият бино ва иншоотлар сирт юзаларидаги совуқлик тўлқинлари хавфини камайтирувчи изоляция хусусиятлари эскирганини ҳам ёддан чиқармаслик зарур.

Учинчидан, аҳоли дунёқарашининг кенгайиши, иқтисодий ўсиш ҳам кишиларнинг қулай ва шинам муҳитда яшашга бўлган интилишлари, бу борадаги ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни кучайтирмоқда. Хона ҳароратининг «комфорт» бўлиши, табиийки, ташқи ҳаво параметрларига боғлиқ, бунда ҳарорат омилидан кўра, уни ҳис қилиш омили аҳоли ва турли инфраструктураларга таъсир кўрсатяпти.

Ҳаво ҳарорати, намлик, шамол тезлиги, қуёш нури каби комплекс маълумотларга таянган ҳолда ўз вақтида таъминланган «комфорт» иссиқлик муҳити барқарор иқтисодий фаолиятни таъминлайди, ходимларнинг фойдали иш коеффициенти пасайиб кетишининг олдини олади. Фойдали иш қилишда энг катта рағбат ҳам шу — атроф-муҳитда организм учун қулай шароит бўлишидир; бино ва иншоотларда аҳолига «комфорт» микроиқлим юзага келтирилиши жуда муҳим.

Қисқа қилиб айтганда, иссиқлик таъминотини узатиш ва тугатиш билан боғлиқ оптимал даврни белгилаш учун ўтган асрнинг ўрталарида ишлаб чиқилган қоидаларга асосланган ҳужжатлар ўрнига амалдаги маҳаллий иқлим шароитларини чуқур ҳисобга олган ҳамда халқаро тажриба ва стандартлар билан уйғунлаштирилган янги нормативларни ишлаб чиқиш лозим.