Россия қўшинлари 30 октябрь куни кечқурун Харьковнинг Салтовск туманига авиабомба ташлади. Тўққиз қаватли турар жой биноси шикастланди, унинг икки қавати вайрон бўлди, деб ёзмоқда «Медуза».

31 октябрь тонги ҳолатига кўра, 34 киши яраланган, буни вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов билдирди. 12 ёшли бола ҳалок бўлган. Қутқарувчилар оғир жароҳат олган болани вайроналар остидан олиб чиқди, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмади. Вайроналар остидан яна бир марҳумнинг жасади топилган, унинг шахси ҳозирча аниқланмаган.

Авиазарба оқибатида қулаган уйда текширув ишлар давом этмоқда. Синегубовнинг сўзларига кўра, вайроналар остида 15 ёшли ўсмир қолиб кетган.

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram каналида Харьковдаги авиазарба жойидан олинган видеони эълон қилиб, иттифоқчиларни ёрдам ҳақида қарор қабул қилишни кечиктирмасликка чақирди. «Бундай шароитда уларнинг ҳар бир кечиктирилган қарори — Украинага қарши камида ўнлаб, ҳатто юзлаб шундай рус бомбаларига тенгдир. Уларнинг ечими — одамларимизнинг ҳаёти. Шунинг учун биз биргаликда Россияни тўхтатишимиз ва буни имкон қадар кучли амалга оширишимиз керак», — деб ёзди у.