Навоий вилояти Конимех туманидаги жанжал оқибатида бир йигит ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Янги Давр» кўрсатувида хабар берилди.

Таъкидланишича, воқеа келишмовчилик ортидан келиб чиққан. Икки ака-ука «кўча тили»да гаплашиб олиш учун рақибини чўлга чақирган.

Ўз ўрнида, у ҳам 7 нафар дўсти билан қуролланган ҳолда воқеа жойига етиб келган. Жанжал эса пичоқбозликка айланиб кетган. Якунда ов милтиғидан осмонга ўқ узилган.

Жанжал пайтида йигитлардан бири бошқасига икки марта пичоқ уриб, оғир тан жароҳати етказган. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

«Дада, она, мени кечиринглар, илтимос. Ўғлингиз қотил эмас, мен фақат укамни ҳимоя қилмоқчи бўлдим. Атайлаб одам ўлдирмадим», — дея таъкидлаган рақибини пичоқлаган йигит.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш Учқудуқ туман судида кўриб чиқилган. 8 нафар судланувчи 1 йилдан 3,5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қотилликда айбланган йигит бўлса Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л» банди (Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) ва 277-моддаси 3-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган безорилик) билан айбли деб топилиб, 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.