Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Пайариқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар С.Ш. (муқаддам судланган) ва Д.Э. ушланди. Улар ўзаро тил бириктириб, фуқаро Х.А.ни АҚШга ишга юборишни ваъда қилган. Ушбу шахслар бунинг учун 18 000 доллар миқдорида харажат қилганини айтиб, эвазига Х.А.нинг уй-жойини фирибгарлик йўли билан расмийлаштириб олишга эришган.
Департаментнинг Ғаллаорол тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган М.И. қўлга олинган. Аниқланишича, у фуқаро О.П.нинг ишончига кириб, уни Корея давлатига ишга юбориши эвазига 12 600 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Яшнобод туманида ДХХ ходимлари билан ҳамкорликдаги тадбирда М.О. ва Д.А. исмли фуқаролар қўлга тушди. Хабарга кўра, улар фуқаро Т.Б.ни Японияга ишга юбориши учун виза олиб беришини айтиб, эвазига 2 500 долларни олган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.