31 октябрь куни Навоий вилоятига ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев Кармана туманида қурилаётган кимёвий маҳсулотлар технопаркини, ундан сўнг Навоий шаҳридаги саноат зонасини бориб кўрди, вилоятдаги саноат корхоналарининг маҳсулотлари ва салоҳияти билан танишди.
Кимё саноати ривожланган Навоий вилоятида хитойлик тадбиркорлар 130 гектар ер майдонида «Zarafshon industrial technology» номи остида кимё технопарки барпо этмоқда. Унда 300 киши ишламоқда. Бу ерда амалга оширилиши режалаштирилган 18 та лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ. Ҳозиргача уларнинг иккитаси: 40 минг тонна олеум, 170 минг тонна сульфат кислотаси олиш лойиҳалари ишга туширилди.
Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган иссиқликдан унумли фойдаланиш мақсадида 1,4 мегаватт қувватга эга буғ-газ қурилмали энергоблок қурилган. Бу корхона ўзини ўзи тўлиқ электр энергияси билан таъминлайди.
Технопаркда қиймати 150 миллион долларлик 1 миллион тонна сульфат кислотаси, 120 миллион долларлик 50 минг тонна каустик сода ҳамда 135 миллион долларлик 100 минг тонна фталоцианин (тўқимачилик бўёғи) ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши бошланган. Президент унинг лойиҳалари билан танишди.
Технопаркда бошқа тармоқлар билан кооперация алоқалари туфайли қурилиш саноатида 75 миллион, енгил саноатда 107 миллион, тиббиётда 38 миллион долларлик четдан келадиган маҳсулотлар ўрни қопланади. Мажмуада маҳаллийлаштириш айни пайтда 31 фоизга тенг, лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида бу кўрсаткич икки баробар ортади. Шунингдек, 2 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Давлат раҳбари корхоналарда ишлаб чиқариш балансини таъминлаш, «off take» шартномалар қилиб, маҳсулотларни кафолатли сотиш зарурлигини таъкидалди, дейилади хабарда.
Жараёнда антрахинон, каустик сода, мис хлориди, диметилсульфат, натрий сульфид, резорцин каби маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилади. Технопаркнинг йиллик экспорт салоҳиятини 2026 йилда 30 миллионга етказиш ва изчил ошириб бориш режалаштирилган. Шунингдек, керакли коммуникация тармоқлари ҳам хорижий инвестор маблағлари ҳисобидан қурилмоқда.
Шу ерда 2024−2030 йилларда «Навоийазот» акциядорлик жамияти негизида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди. Унга кўра, 5 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларда 3 мингдан зиёд янги иш ўрни бўлади. Йилига 2 миллиард доллардан зиёд кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосий қисми экспортга йўналтирилади.
Президент лойиҳаларда экология талабларига алоҳида эътибор қаратиш, заводларни углерод оксидини ҳавога кам чиқарадиган ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кўрсатмалар берди. Лойиҳалардан 4 таси келгуси йили фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Шавкат Мирзиёев уларнинг инвесторлари билан мулоқот қилди.
Давлат раҳбари Навоий шаҳридаги саноат зонасида «Universal filter» бренди остидаги маҳаллий маҳсулотларни кўздан кечирди. Бу ерда транспортлар учун ҳаво ва мой фильтрлари, металлургия, нефт-газ ва кимё саноати корхоналари учун буюмлар — жами 600 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Унда 250 киши ишлайди. Тадбиркорнинг айланма маблағи бундан етти-саккиз йил олдин атиги 1 миллиард сўм эди. Эндиликда жорий йил якунига қадар 200 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Келтирилишича, Ўзбекистонда атмосфера ҳавосига таъсири бўлган 3 мингдан зиёд саноат корхонаси мавжуд. Улардаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг кўпи эскирган. Илгари бу йўналиш фақат чет элга боғланиб қолгани учун фильтрларни янгилаш йиллаб чўзилган. Энди бу соҳада ҳам импортга рақобатдош маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш пайдо бўлмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида юздан ортиқ корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари янгиланди, дейилади хабарда.
Бундай ишларда мазкур корхонанинг ҳам ўрни бор. Унинг маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжонга ҳам жўнатилмоқда. Жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажми 1 миллион долларга етиши кутилмоқда.
Шу ерда Навоий вилоятининг саноат маҳсулотлари кўздан кечирилди. Жумладан, оғир ва енгил саноат учун деталлар, ускуналар, компрессорлар, электротехника жиҳозлари, мис ва пластик қувурлар, насос қисмлари намойиш этилди. Уларни бирлаштирувчи жиҳат — маҳаллийлаштирилгани.
Президент Ўзбекистонда гидроэнергетикани янада ривожлантириш мақсад қилинганини таъкидлаб, кичик ва микроГЭСлар қуриш ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича топшириқ берди. Навоий кон-металлургия комбинати каби йирик корхоналар учун маҳаллийлаштириш лойиҳаларини кучайтириш орқали вилоятда ишсизликни камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, президент ташрифи аввалида Навоийдаги водород пероксиди ишлаб чиқариладиган корхона фаолияти билан танишди.