Ўзбекистонда куз фаслининг охирги ойи иссиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво билан бошланади, кейинги ҳафталарда ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб туради. Ўзгидромет матбуот хизмати ноябрь ойида кутилаётган об-ҳаво прогнозини эълон қилди.
Иқлим маълумотларига кўра, ноябрь ойида ўртача ҳаво ҳарорати октябрь ойига нисбатан 6−7 даражага, шимолда ва чўл ҳудудларда 8−9 даражага паст бўлади. Ойнинг биринчи ярмида ўртача кўп йиллик кундузги ҳарорат +15…+20 даражани (баъзан +22…+27 даражагача), ойнинг иккинчи ярмида эса +10…+15 даража илиқ бўлади.
1−3 ноябрь кунлари республикада асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 2 ноябрда Тошкент вилоятининг айрим жойларида кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади. 3 ноябрга келиб, кундузи ҳаво +20…+25 даража илиққача исийди.
4 ноябрдан Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массаларининг кириб келиши бошланади, ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида +10…+15 даражагача пасаяди, республиканинг қолган ҳудудларида эса илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Нам ва совуқ ҳаво массалари 5 ноябрдан барча ҳудудларга тарқалади.
Совуқ ҳарорат фонида 5−8 ноябрь кунлари республиканинг барча вилоятларида, 9−10 ноябрда шарқий ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади (тоғларда ёмғир қорга айланади), баъзи жойларда кучли бўлади. Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва биринчи ўн кунликнинг охирига келиб, ҳарорат кечалари +3…+8, кундуз кунлари +7…+12 даражани ташкил этади.
Ноябрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +3…+8 даражадан −5…−0 даражагача совийди, кундуз кунлари +10…+15 даражадан +3…+8 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Илиқ об-ҳаво даврлари ҳарорат кундузи +17…+20 илиққача кўтарилганда кузатилади. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.
Ноябрда ёғингарчилик (ёмғир, баъзи жойларда ёмғир қисқа муддатга қорга айланади) октябрь ойига нисбатан тез-тез кузатилади, улар давомий ва жадал бўлади. Тоғли ҳудудларда биринчи қор қоплами шаклланади. Пастки қатламларда қор қоплами беқарор бўлади, 2000 метрдан юқори бўлган баландликларда эса қор қопламининг баландлиги ой охирига 25−40 сантиметрга етади.
Аввалги йилларнинг ноябрь ойи қандай ўтганди?
Ўтган асрнинг ўрталаригача бўлган давр учун энг совуқ ноябрь ойларида ҳаво ҳарорати -24 даража, шимолда -27 даражагача совиган. Сўнгги йилларда ноябрь ойида бундай қаттиқ совуқлар кузатилмади. Ушбу асрда энг паст ҳарорат −15…−10, шимолда -25 даража бўлди. Устюртда ҳарорат -28даражагача пасайди.
Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун Ўзбекистонда энг илиқ давр ўтган 2023 йил ноябрь ойида кузатилди, бунда ўртача ойлик ҳарорат иқлим меъёридан 3−6 даражага кўп бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида 2023 йил ноябрь ойида (шимол ва чўл ҳудудлардан ташқари) ҳаво ҳарорати манфий қийматларгача бир марта ҳам пасаймади. Ушбу асрда 2020 йил ноябрь ойи энг совуқ бўлди. Ўша йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳали нисбатан илиқ бўлди. Иккинчи ўн кунликда ҳароратнинг кескин пасайиши кузатилди. Совуқ ҳаво ноябрь ойининг охиригача сақланиб турди. Ҳатто кундуз кунлари ҳам термометр устуни 5 даража илиқдан, энг совуқ кунларда эса 0 даражадан юқорига кўтарилмади.
Ҳудуднинг катта қисмида барча кузатув йиллари учун 2011 йил ноябрь ойи ёғингарчилик энг кўп бўлган йилдир. Ушбу йили ноябрь ойида ёғингарчилик 3−3,5 ойлик меъёргача, энг чекка жанубда эса 4−7 ойлик меъёргача бўлган.
Масалан, Тошкентда 2011 йил ноябрь ойида меъёр 51 мм бўлганда 167 мм ёғингарчилик кузатилди ва у 19 кун (меъёр 11 кун) давомида қайд этилди. Аммо метеорологик кузатувлар тарихида аномал қуруқ ноябрь ойлари ҳам қайд этилган, бунда ёғингарчилик меъёрдан 1 дан 30 фоизгача бўлган.