Ўзбекистонда 2023 йил ноябрь ойидан буён 14 нафар шахс кўпхотинлиликни тарғиб қилишда айбланиб, жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, ўтган бир йил мобайнида 47−8-модда (икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш / БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача жарима) билан бугунга қадар 14 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 13 нафарига маъмурий жарима, 1 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
189−2-модда (жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш / БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима) билан 7 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг барчасига маъмурий жарима жазоси қўлланилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 31 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47−8 ҳамда 189−2 моддалари билан тўлдирилганди.