Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди, дея хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.
Регуляторга кўра, иқтисодиётдаги юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ҳамда айрим турдаги товарлар ва хизматлар таклифидаги ўзгаришлар таъсирида инфляцияни оширувчи босимлар сақланиб қолмоқда. Инфляциянинг барқарор пасайиб бориши ва ўрта муддатда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришишини таъминлаш мақсадида пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолиш лозим бўлади.
2024 йил сентябрь ойида умумий инфляция йиллик 10,5 фоизни ташкил этиб, III чорак давомида ўзгаришсиз қолди. Базавий инфляция динамикаси юқори истеъмол талаби, ёқилғи ресурслари нархи ва тарифлари эркинлаштирилишининг хизматлар нархларига таъсири ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши ортидан сентябрь ойида йиллик 7,1 фоиз доирасида шаклланди.
«Мева ва сабзавотлар ўртача нархларида пасайиш динамикаси давом этиб, умумий инфляцияни пасайтирувчи омиллардан бўлмоқда. Октябрь ойидаги ҳафталик кузатувлар истеъмол товарлари нархларининг нисбатан барқарор бўлганлигини ва ойлик ўзгариш ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан паст шаклланишини кўрсатмоқда», — дейилади регулятор хабарида.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳамда инфляциянинг жорий ва прогноз даражаси ўртасидаги тафовут юқорилигича қолмоқда. Сентябрда ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг инфляцион кутилмалари 13,3 фоизни, тадбиркорларнинг кутилмалари эса 12,6 фоизни ташкил этди.
«2024 йилнинг сўнгги чорагида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари таъсирида инфляцион жараёнларнинг маълум даражада пасайиши ҳамда йил якунида умумий инфляциянинг 9,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда», — дея қайд этган Марказий банк.
Регулятор, шунингдек, 2024 йил январь-сентябрь ойларида иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларида кузатилган ижобий ўсиш динамикаси ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,6 фоизни ташкил этганини, инвестицион фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бўлаётганини қўшимча қилган.
Трансчегаравий пул ўтказмаларининг 2023 йилга нисбатан юқори суръатларда ўсиши аҳоли даромадларининг ошишига сабаб бўлмоқда. Иқтисодиётда ўртача иш ҳақи ва реал даромадларнинг ўсиб бориши эса истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватлаяпти.
«Жумладан, хизматлар ва чакана савдо соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари кучли истеъмол талаби шаклланаётгани билан изоҳланади. Иқтисодий ривожланишнинг ушбу тенденцияларидан келиб чиқиб, 2024 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 6,0−6,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда», — дея қайд этган Марказий банк.
Пул бозори фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланаётганлигини акс эттираётгани айтилган. Банк тизимидаги юқори реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғариш фаоллигини оширишда давом этмоқда.
«Кредит қўйилмалари ўсишининг мўътадиллашуви ва омонатлардаги юқори ўсиш суръатлари ялпи талабни мувозанатлаштириш ва инфляцияга монетар омиллар таъсирини пасайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, иқтисодиётда инфляцияни оширувчи, хусусан, келгуси чоракларда энергия ресурсларининг етарли таъминоти ва нархининг қисқа муддатли ўзгариши, айрим товарлар таклифида узилишлар ва хизматлар нархининг нисбатан юқори даражаларини сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар юзага чиқиши мумкинлиги айтилган.
«Ҳар қандай шароитда ҳам Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этиб, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратади», — дейилади регулятор хабарида.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 декабрга белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Марказий банк инфляция хавфи пасайиши фонида асосий ставкани йиллик 13,5 фоизгача пасайтиришга қарор қилган эди. Асосий ставка етти йил ичида биринчи марта 14 фоиздан пастга тушганди.
17 октябрда Марказий банк асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича йиғилишни бир ҳафтага — 24 октябрдан 31 октябрга кўчиришга қарор қилганди.