Президент Навоий вилоятига ташрифи чоғида Навоий шаҳридаги янги маҳаллалардан бири — Фаровондаги 22-умумтаълим мактабида бўлди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, бу ердаги 50 дан ортиқ кўп қаватли уйда 15 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудудда кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, театр ва меҳмонхоналар, боғча ва мактаблар қурилган.

22-мактабда 1800 га яқин ўқувчи таълим олади. Ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Барча синфхоналар, лаборатория, компьютер ва хорижий тил хоналари, спорт зали, футбол майдони, ошхонада замонавий шароитлар яратилган. Кутубхона 3 мингдан ортиқ китоблар билан таъминланиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона тизимига ҳам уланган.

Таълим муассасасида «Хавфсиз мактаб» тизими ишлайди. Муассасага кириш-чиқишда Face ID тизими ўрнатилган.

Давлат раҳбари аввалроқ мактабларда таълим сифатини президент ва ихтисослаштирилган мактаблар даражасига яқинлаштириш вазифасини қўйган эди. Шу мақсадда мактабга танлов асосида 104 нафар ўқитувчи танлаб олинди. Таълим энг яхши мактабларнинг илғор тажрибаларидан фойдаланадиган дастурлар бўйича олиб борилади, дейилади хабарда.

Талабаларга камида иккита чет тили ва битта касб ўргатилади. Бунинг учун мактабда амалий санъат, меҳмонхона хизмати, рассомчилик, сураткашлик, IT йўналиши, робототехника каби касб-ҳунарлар бўйича ўндан ортиқ тўгараклар ташкил этилган.

Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ҳарбий ватанпарварлик гуруҳи ташкил этилиб, ватанпарварлик тадбирлари, спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Мактабда «Иқтидор» тўгараги ҳам фаолият кўрсатади, ўқувчилар мусиқа, театр ва санъат билан шуғулланади.

Президент мактаб фаолияти билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

«Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади», — деди у болаларга.