Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди апрель ойи охирида Тошкент яқинида 56 ёшли такси ҳайдовчисига ҳужум қилган икки талабага нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Milliy TV телеканалининг «Миллар» дастури хабар берди.

Маълум қилинишича, 27 апрель куни соат 23:30 лар атрофида 18 ва 20 ёшли Д.М. ва З.М. ошхона пичоғи билан пойтахтдаги «Олмазор» метро бекатига етиб бориб, Yandex Go иловаси орқали Тошкент вилояти Янгийўл тумани «Чамонзор» маҳалласидаги даладаги нуқтани манзил сифатида кўрсатиб, такси чақирган.

Воқеа жойига етиб келгач, орқа ўриндиқда ўтирган Д.М. ҳайдовчи Ч.А.нинг бўйнига пичоқ билан жароҳат етказган. Ҳайдовчи машинадан тушишга уринганда Д.М. уни бўға бошлаган, З.М. эса эркакнинг қўлидан ушлаб турган.

Kun.uz судланувчининг суд залидан берган кўрсатмаларидан иқтибос келтирди. Ҳужумдан сўнг талаба ҳайдовчига оғир аҳволи ва қарзлари ҳақида гапира бошлаган. «Мен унинг бўйнидан оқаётган қонни тўхтатишга ҳаракат қилдим. Биз ҳатто уни касалхонага олиб боришни таклиф қилдик. У уйга олиб бориб қўйишни илтимос қилди».

Жабрланувчининг айтишича, у йўловчиларни майдон ичкарисига 200 метрга олиб кетган. Талабалар унга таниши қулупнай териш учун чақирганини айтган. Манзилга етиб боргач машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган Д.М. ҳайдовчига тўсатдан ҳужум қилиб, унинг бўйнига пичоқ билан бир марта урган. Зарбадан кейин Ч.А. қаршилик кўрсатишни бошлаган. Уни машинадан чиқармаслик мақсадида Д.М. бўйнидан бўғиб, З.М. эса қўлларидан ушлаб турган.

«Судланувчиларда мени ўлдириш мақсади бўлмаган деб ҳисоблайман. Чунки уларда бунинг учун вақт ва имконият бўлди, лекин ўлдиришга ҳаракат қилишмади», — деди ҳайдовчи.

Шу вақтда уларнинг ҳаракати автомобил йўлидан ўтиб кетаётган Янгийўл туман ИИБ ходимлари эътиборига тушган. ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб келиб, талаба йигитларни ушлаган. Шу сабабли, ўсмирлар жиноятни ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олмаган.

Судланувчилардан бири катта қарзлар туфайли жиноят содир этганини айтиб, ўз айбига қисман иқрор бўлган.

«Мен пичоқ билан урганимда қўрқиб кетдим ва қонни кўрдим. Шериги ҳам тош билан уриши керак эди. Лекин мен: „Бас, урма,“ деб уни ташлашга мажбур қилдим. Қилган ишимдан афсусдаман», — деди у.

Суд Д.М. ва З.М.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 267-моддаси 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятларни (транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида босқинчилик йўли билан олиб қочишга уриниш) содир этганликда айбдор деб топди. Д.М. жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаганлигини инобатга олиб, 7 йилга, З.М. эса 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Маълум қилинишича, Д.М. Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги 1-академик лицей талабаси, З.М. эса Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси бўлган.