Сиёсат
«Халқимиз сизларнинг янги ғоя ва ташаббусингизни катта умид билан кутмоқда». Президент — сайланган депутатларга
Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятида ўтказилган йиғилишда 27 октябрда ўтган парламент сайлови ҳақида гапирди. «Халқимиз сизларнинг янги ғоя ва ташаббусингизга катта умид ва ишонч билан қарамоқда. Эл-юртимиз янги парламент ва маҳаллий кенгашлар аъзоларидан кўп нарсани кутмоқда», деди президент.
Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 63 нафари қайта сайланди. Рўйхат
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 63 нафари (42 фоизи) қуйи палатанинг бешинчи чақириғига қайта сайланди (аввалги сайловда 27 фоиз эди). Аввалги чақириқда Сенат аъзоси бўлганлар орасида парламент қуйи палатасига сайланганлар ҳам бор. «Газета.uz» тўлиқ рўйхатни эълон қилади.
Иқтисодиёт
Таргетга эришиш муддати макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаслик мақсадида узайтирилди — МБ
Марказий банк 5 фоизлик инфляция бўйича таргетга эришиш муддатини учинчи бор кечиктирди. МБ раиси барқарор институционал шароит яратмай туриб, ялпи талабни чекловчи кескин чоралар кўриш иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади.
Партия рўйхати бўйича депутатликка сайланган барча вазирлар депутатлик мандатидан воз кечди
Партия рўйхати бўйича депутатликка сайланган бош вазир ўринбосари, вазир ёки давлат органи раҳбарларининг бирортаси ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлиш учун ўз лавозимини тарк этмайдиган бўлди.
Навоий вилоятида 3 та корхона ишга туширилиб, 12 та лойиҳанинг қурилиши бошланди
Президент Навоий вилоятида янги лойиҳаларни ишга тушириш маросимида қатнашди. Хусусан, Конимехда ёнувчи сланецларни қазиш ва қайта ишлаш, Карманада қуёш фото электр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизими лойиҳалари қурилиши бошланди. Навоий шаҳрида пахта целлюлозаси корхонаси ишга тушди.
Валюта курси 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3−0,4 фоиз пункти даражасида таъсир қилиши мумкин — МБ
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор ҳисоб-китобларига кўра, валюта курси 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3−0,4 фоиз пункти даражасида таъсир қилиши мумкинлигини айтди. У, шунингдек, келаси йил олтин нархи ҳозиргидан қисман пасайиши кутилаётганини таъкидлади.
Октябрь ойида инфляция камида 14 йил ичида биринчи марта 1 фоиздан паст бўлди
Октябрда Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,84 фоизни ташкил қилди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бу ойдаги инфляция 2010 йилдан бери ҳеч қачон 1 фоиздан пастга тушмаган. Йиллик инфляция 10,24 фоизгача пасайди. Ой давомида гўшт (1,2 фоиз), помидор (16,5), бодринг (33,2) қимматлади.
Жамият
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова пахта «план»ини бажармаган фермерни ҳақоратлади
Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова пахта «план»ини бажармаган фермерни ҳақоратлади. Ёзиб олинган аудиога кўра, Уралова ИИБга ҳокимни қамаб қўйишни буюрганини ҳам эшитиш мумкин. Унга интизомий жазо кўриш бўйича вилоят ҳокимига тақдимнома киритилди.
Андижонда 24 ёшли йигит устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборди
Андижон шаҳрида 24 ёшли йигит ўзини ёқиб юбориб, жонига қасд қилишга уринди. У куйиш жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
Такси ҳайдовчисига пичоқ билан ҳужум қилган икки талаба 7 ва 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Тошкент яқинидаги далада Yandex Go ҳайдовчисига пичоқ билан ҳужум қилган икки талаба 7 ва 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Судда улардан бири қарзлари туфайли жиноятни режалаштирганларини маълум қилди.
Тошкент вилоятида бир оиланинг икки аъзоси ис газидан вафот этди
Тошкент вилояти Бекобод туманида ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Чирчиқ дарёсида қум-шағал қазиган ташкилот 274 млрд сўм тўлайдиган бўлди
Тошкент вилоятидаги Чирчиқ дарёси бўйида қум-шағал аралашмаси қазиб олган хусусий ташкилот табиатга 273 млрд 802 млн сўм зарар етказгани аниқланди. У аввал ҳам шу қонунбузарлиги учун жавобгарликка тортилган.
Андижонда ҳожатхонага тушиб кетган 1 ёшли қизча қутқарилди
Андижоннинг Асака туманида 1 ёшли қизалоқ ҳожатхонага тушиб кетди. ФВБ қутқарувчилари қизни чуқурдан олиб чиқди.
Қорақалпоғистонда Lacetti каналга тушиб кетиши оқибатида уч киши вафот этди
Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида маст ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti каналга тушиб кетди. Оқибатда икки йўловчи воқеа жойида, яна бири шифохонада вафот этди.
Навоий давлат университети ташкил этилади
Президент Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Мақсад — аниқ ва табиий фанлар, IT, иқтисодиёт, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш.
Президент Навоий вилоятида 2025 йилни «Алишер Навоий йили» деб эълон қилишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев 2025 йилни Навоий вилоятида «Алишер Навоий йили» деб эълон қилишни таклиф қилди. Бу йил доирасида «Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш» мавзусида президент совғаси учун танлов ташкил этилади. Қуриладиган Янги Ўзбекистон боғида Алишер Навоийга бағишлаб мемориал музей очилади.
Зарафшон аэропорти қайта ишга туширилиши мумкин
Шавкат Мирзиёев масъулларга Зарафшон шаҳридаги 80-йилларда қурилган аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласини ўрганиб, тегишли таклифлар киритишни топширди.
Қорақалпоғистонда иккита корхона 1,5 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди
Қорақалпоғистонда иккита корхона умумфойдаланишдаги тармоққа ноқонуний уланиш орқали 1,5 млрд сўмлик электрни ўғирлагани аниқланди. Тошкентда ишлаб чиқариш цехи 578 млн сўм зарар етказди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари очилди.
Салонни эркак ва аёллар учун иккига ажратган автобус ҳайдовчиси интизомий жазога тортилди
Самарқандда автобусга «Аёллар олдинда, эркаклар орқада» плакатини осиб қўйган автобус ҳайдовчиси интизомий жазога тортилди. Йўналишга хизмат кўрсатувчи корхона ҳайдовчилари билан бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида суҳбат ўтказилди.
1 ноябрдан «Пахтакор» метро бекатининг эскалатор ўрнатилган томони вақтинча ёпилади
«Пахтакор» метро бекатидаги эскирган эскалатор янгиланиши сабабли 1 ноябрдан бекатнинг эскалатор ўрнатилган томони вақтинча ёпилади. Жараён қачон тугаши маълум эмас. Метрополитен ундан сўнг Чилонзор йўналишидаги «Мустақиллик майдони» ва «Ҳамид Олимжон» бекатларидаги эскалаторларни ҳам янгилайди.
Самарқандда 41 ёшли эркак ўзини юк машинаси остига ташлаб, вафот этди
Самарқанднинг Пахтачи туманида руҳий касал эркак ўзини юк машинасига остига ташлаб, жонига қасд қилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Камерадаларда қайд этилган йўл қоидаси бузилгани видеоси 48 соат ичида ЙҲХХга юборилиши керак
Фото ва видеокузатув воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши тўғрисидаги ишлар 48 соат ичида ЙҲХХга юборилиши керак, акс ҳолда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмайди. ИИВ маълумотлар бир неча кундан кейин, ҳатто бир неча ойдан кейин ҳам келиши мумкинлигини таъкидлаганди эди.
Дам олиш кунлари ҳаво илиқ бўлади
2−3 ноябрь кунлари Ўзбекистон бўйлаб асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади. Шанба куни баъзи ҳудудларда қисқа ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Якшанба куни ҳарорат +25 даражагача исиши кутилмоқда.
Дам олиш кунлари Тошкентда қаерларга бориш мумкин? (2−3 ноябрь)
Тўққизта кинопремьера, Америка цирки томошаси, кўргазма ва ярмаркалар, болалар ҳамда катталар учун ижодий маҳорат дарслари, шунингдек, келаётган дам олиш кунларида ўтказиладиган бошқа тадбирлар.
Ўзбекистон орқали тамаки транзити учун талаблар белгиланди
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистон орқали транзитини амалга ошириш учун янги талаблар жорий этилди.
Самарқандда иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди. Газ ва электр таъминоти корхоналарига қозонхоналар, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Спорт
«Насаф» биринчи марта Ўзбекистон чемпиони бўлди
«Насаф» Ўзбекистон Суперлигасида Тошкентнинг «Локомотив» жамоасини сафарда 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионат якунланишига уч тур қолганида мусобақа ғолиблигини расмийлаштирди. 2001 йилдан бери биринчи марта пойтахтники бўлмаган клуб футбол бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди.
Жаҳон
Россияда мигрантларнинг рус тилини билмайдиган фарзандларини мактабга олмаслик таклиф қилинди
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини мактабга қабул қилмасликка чақирди. Ҳозир бундан умумий таълим даражаси азият чекмоқда, деди у.
Испанияда тошқин қурбонлари сони 150 кишидан ошди
Испания шарқида кузатилган сув тошқинлари қурбонлари сони 150 кишидан ошди. Валенсиядаги кучли ёмғирлар автомобиллар, кўприклар, йўллар ва темирйўлларни ювиб кетди.
Туркия «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилишни режалаштирмоқда — Bloomberg
Туркия ҳукумати «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилмоқчи, уни бузганлик учун етти йилгача қамоқ жазоси назарда тутилади. Фуқаролик жамияти, ОАВ ва мухолифат қонуннинг ўзгача фикрларни бостириш учун фойдаланилишидан хавотирда.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!