Самарқандда автобусда «Аёллар олдинда, эркаклар орқада» плакатини осиб қўйган автобус ҳайдовчиси А.Р. интизомий жавобгарликка тортилди. Кеча ижтимоий тармоқларда плакат суратлари пайдо бўлди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармасининг хабар беришича, 22-йўналиш автобусида (давлат рақами 30/306 WBA) осилган плакат «йўловчиларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаган». Ташкилот томонидан чоп этилган фотосуратда плакат расмий шахслар иштирокида йиртилгани кўринади.

автобуслар, воқеалар, самарқанд

Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун йўналишга хизмат кўрсатувчи «Дилшодтранссервис» корхонаси ҳайдовчилари билан суҳбат ўтказилди. Ҳайдовчиларнинг вазифалари ва уларга қўйиладиган талаблар муҳокама қилинди, дейилади хабарда.

Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилиш, йўловчилар ҳаёти учун хавфли вазиятлардан қочиш, улар билан хушмуомалалик билан мулоқот қилиш ва бошқалар шулар жумласидан.

Муҳокама чоғида кўп йиллик тажрибага эга ҳайдовчилар ёш ҳамкасбларига ўз маслаҳатларини берди, дейилади бошқарма хабарида.

автобуслар, воқеалар, самарқанд

Ҳайдовчи қандай жазога тортилганига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189−2-моддасига кўра, жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш БҲМнинг 10 дан 20 бараваригача миқдорда (3,75 миллиондан 7,5 миллион сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.