Андижон шаҳрида 31 октябрь куни 24 ёшли йигит устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборди. Бош прокуратура ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Газета.uz»га маълумот берди.
Қайд этилишича, фуқаро Р.Ф. соат тахминан 22:40 ларда устига бензин сепиб, Илғор маҳалласидаги тўйхонада жойлашган Paynet шохобчаси ёнида ўзини ёқиб юборган.
У танасининг турли қисмидан куйиш жароҳатларини олган ва РШТЁИАМ вилоят филиалига олиб борилган. Фуқарога зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, йигит устига бензин сепиб, шохобчага киргани, ўзини ёқиб юбориб, воқеа жойида қайтиб чиққани ҳудудда ўрнатилган видеокамералар томонидан қайд қилинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда йигит онлайн қимор ўйинида катта миқдордаги маблағни бой бергани учун ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда. Бош прокуратура ўз жонига қасд қилиш ҳолатининг сабаби ўрганилаётганини маълум қилди.
Терговга қадар текширув давомида фуқаро Р.Ф. олган тан жароҳатлари бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланган.