Тошкент вилояти Бекобод туманида ота ва ўғил ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳодиса 17 октябрдан 18 октябрга ўтар кечаси содир бўлган. Фуқаролар Д.Т. ва Р.Т (эр-хотин) ҳамда уларнинг фарзанди Ф.И. биргаликда ётоқхонада ухлаган.

18 октябрь куни тонгда фуқаро Э.Б. (марҳумнинг амакиси) уйга кирганда, хона ис газидан ҳидланиб кетгани, жияни ва унинг ўғли вафот этгани, аёли эса карахт ҳолатда ётганини аниқлаган.

Бекобод туманлараро суд-тиббий экспертизасининг 18 октябрдаги дастлабки маълумотига кўра, марҳумларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида содир бўлган.

Бемор Р.Т. номаълум этиология газидан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволаниб чиққан. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш комиссияси тузилган. Комиссия ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолатини ўрганади ва тегишли далолатномани расмийлаштиради.