Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида юридик шахс томонидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолатларига чек қўйди, деб хабар қилди Экология вазирлиги.

Ташкилот Самарқанд маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг қирғоқбўйи ҳудудида ноқонуний фаолият билан шуғулланган. Табиатга етказилган зарар 273 миллиард 802 миллион 688 минг сўмни ташкил этди.

Қайд этилишича, бу ташкилот аввал ҳам огоҳлантирилган ва жавобгарликка тортилган. Иш юзасидан тўпланган барча ҳужжатлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Президентнинг 17 январдаги «Сув омборларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Чирчиқ, Сирдарё, Санзор, Зарафшон, Норин дарёлари ўзанларида металл бўлмаган материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий эълон қилинган. Экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 1 майдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари сувига ҳам амал қилади. Мораторий даврида ушбу фаолият оқибатида табиатга етказилган зарар учун ундириладиган суммалар 10 баробар ошади.