Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи куни, 31 октябрда Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда вилоятда иқтисодиёт тармоқлари жадал суръатлар билан ўсиб бораётгани ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи аниқ ва табиий фанлар, IT, иқтисодиёт, туризм, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда юқори малакали кадрларга муҳтожлиги қайд этилган.

Қарорга кўра, Навоий давлат педагогика институтининг барча талабалари ўқишини янги олийгоҳда давом эттиради. 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчиларга университет дипломи берилади.

Келаси ўқув йилидан бошлаб университетда аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофазаси, логистика каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ўқув машғулотларини амалиёт билан узвий боғлаш мақсадида ўқув жараёни дуал таълим шаклида йўлга қўйилиб, корхона ва ташкилотларда тегишли йўналишлар бўйича кафедралар филиаллари ташкил этилади.

Республика ва хорижий давлатларнинг бошқа олий ўқув юртлари билан биргаликда битирувчиларга иккита диплом бериш орқали таълимнинг янги йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурларини жорий этиш кўзда тутилган.

Алоҳида бакалавриат ва магистратура гуруҳларида таълим жараёни хорижий тилларда ташкил этилади, таълим дастурлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказишга тайёрланади.

Университетга 2025 йил 1 январдан академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилади.

Университет фаолиятини такомиллаштириш ва таълим сифатини таъминлаш мақсадида хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда университетда Трансформация маркази ташкил этилмоқда.

У университет таълим дастурларини халқаро таълим стандартларига мослаштириш, университетни дунёнинг нуфузли университетлари рейтингига киритиш устида иш олиб бориш, университет дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, университет дипломларининг хорижда тан олинишига эришиш ва бошқа масалаларга масъул бўлади.