Навоий вилоятида 2025 йилни «Алишер Навоий йили» деб эълон қилинади. Бу таклифни Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан йиғилишда берди.

Президент Навоий вилоятини мамлакатнинг маънавий брендига айланиши зарурлиги таъкидлади.

2017 йил Андижон вилоятида «Бобур йили» деб эълон қилиниб, шу асосда ишлар амалга оширилган эди. Президент мана шу тажрибани Навоий вилоятида ҳам қўллаб, янги — 2025 йилни вилоятда «Алишер Навоий йили» деб эълон қилишни таклиф қилди.

Бу йил доирасида «Ҳазрат Навоийни англаш — ўзлигимизни англаш» мавзусида президент совғаси учун республика танлови ташкил этилади. Ҳар бир маҳалла, мактаб, олийгоҳлар ва меҳнат жамоаларида «Навоийхонлик кечалари» ўтказилади.

«Яшил макон» лойиҳаси доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманлари, қишлоқларида Навоий бобомизга атаб янги боғлар, сўлим хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил этилади.

Қуриладиган Янги Ўзбекистон боғида Алишер Навоийга бағишлаб мемориал музей ташкил этилади.