Тошкент метрополитени метро бекатлардаги эскирган эскалаторларни янгисига алмаштириш режасини давом эттираётганини маълум қилди. Ташкилот хабарига кўра, 1 ноябрь санасидан «Пахтакор» бекатининг эскалатор ўрнатилган томони ҳам вақтинча ёпилади.
Метро бекатида мавжуд эскалаторлар янгисига алмаштирилади, ҳудудда демонтаж ва монтаж ишлари бошланади.
Эскалаторни янгилаш ишлари тугаш муддати аниқ эмас. Иш жараёнларининг техник ҳолатига қараб қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, метрополитен эскирган эскалаторларни янгисига алмаштиришни февраль ойида «Халқлар дўстлиги» метро бекатидан бошлади. Қурилиш 4 сентябрда битди. Ундан сўнг «Новза» метро бекатининг иккинчи вестибюлидаги эскалаторни алмаштириш ишлари бошланди, жараён давом этмоқда.
Метрополитен босқичма-босқич Чилонзор йўналишидаги «Мустақиллик майдони» ва «Ҳамид Олимжон» бекатларида эскирган эскалаторларни янгисига алмаштиради. Ҳозирда ташкилот эскалаторлар харидига электрон тендер эълон қилган.