Қорақалпоғистон ва Тошкентда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари маълум бўлди, деб хабар берди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Ташкилотнинг Тўрткўл тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда Z.T. хусусий корхонаси ва Ch.Z. оилавий корхонаси масъул шахслари фуқаро А.А.га тегишли умумий овқатланиш шохобчаси биносида тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улангани аниқланган. Жами 1,5 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Шунингдек, Олмазор туманидаги текширувда фуқаро Ж.М. Хончорбоғ маҳалласи ҳудудидаги хонадонда ишлаб чиқариш цехи ташкил этгани маълум бўлган. У тижорат мақсадида 4 дона электр печини умумий фойдаланишдаги тармоққа тўғридан-тўғри улаб, 567,6 миллион сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.