Испания шарқидаги Валенсия автоном ҳамжамиятида ҳалокатли сув тошқинлари қурбонлари сони 158 кишига етди, деб хабар бермоқда Reuters. Ўнлаб одамлар бедарак йўқолган. Мамлакат расмийлари аввалроқ 31 октябрдан 2 ноябргача мотам эълон қилганди.

30 октябрь куни кучли ёмғир оқибатида сув тошқини содир бўлди. Ҳудуднинг айрим қисмларида бир йиллик ёғингарчилик миқдори бор-йўғи саккиз соатда кузатилиб улгурди. Сув автомобилларни, кўприклар, йўллар ва темирйўлларни ювиб кетди.

Валенсиянинг қишлоқ хўжалиги ерлари ҳам зарарланган: минтақага Испания цитрус меваларининг деярли учдан икки қисми тўғри келади, апелсиннинг энг йирик экспортчиларидан биридир.

Электр линиялари узилиб қолган, кучли шамол туфайли 155 мингга яқин уй электрсиз қолди.

Қутқарув операциясида ўт ўчирувчилар, полиция ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларидан ташқари 1000 дан ортиқ аскар иштирок этмоқда. Қидирув ишларида дронлардан фойдаланилмоқда.